Ҳовлиларда ўрнатилган қудуқлардан чиқадиган сувнинг минераллари таркиби қандай? Охирги вақтларда қудуқ сувларининг қуриб қолишига асосий сабаб нимада?

Бугунги кунда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш долзарб муаммолардан бири бўлиб турибди. Мавжуд океан ва денгиз сувлари эса ичишга яроқсиздир. Аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи ерусти ва ерости сувлари билан қондирилади.
Шу ўринда бир савол туғилади, кўплаб туманларда, қишлоқларда ўрнатилган қудуқлар, ундан чиқадиган сувнинг минераллари таркиби қандай? Охирги вақтларда қудуқлардаги сувларнинг қуриб қолишига асосий сабаб нимада?
Самарқанд давлат университети аналитик кимё кафедраси таянч докторнати Жамшид Рўзиев “Ер ости ва ер усти ичимлик сувларини минерал таркиби ҳамда радиоактивлигини аналитик назорат қилиш” мавзусида илмий тадқиқот фаолиятини олиб бормоқда. Ушбу диссертация орқали биз юқоридаги саволларга батафсил жавоб олишимиз мумкин.
Қудуқлардаги сувларнинг қуриб қолишига асосий сабаб артезан сувларининг кўпайишига мос равишда табиий ёғингарчиликнинг бўлмаслигидир. Натижада, мавжуд сув манбаларининг сатҳи тобора пастлаб боришда давом этади.
- Ҳозирги вақтда экологик муҳитнинг ифлосланиши табиат ва сувга таъсир этаётган салбий омиллардан бири сифатида қаралмоқда, - дейди тадқиқотчи Жамшид Рўзиев. – Шу сабабли мавжуд ерости ва ерусти сувларининг таркибида турли хил ўзгаришлар бўлиши табиий. Биз ушбу сувларнинг минерал таркибини ўрганиш мақсадида ўз тадқиқот фаолиятимизни олиб бормоқдамиз. Вилоятимизнинг айрим туманларидаги мавжуд сув ресурсларига оид муаммолар тобора мураккаблашиб бормоқда. Айниқса, қудуқлардаги сувларнинг ҳам минерал таркибини ўрганиш, унинг истеъмолга нечоғлик яроқли эканлигини аниқлаш ва илмий асосини яратиш бош мақсадларимиздан биридир.
Аслида, сув қанча чуқурдан олинса, унинг минераллари таркиби ҳам шунчалик бой бўлади. Қўшработ, Нуробод, Пастдарғом ва Пайариқ туманларидан олган намуналаримиз устида ҳозир қизғин иш жараёни кетмоқда.
Жамшид Рўзиевнинг бугунга қадар Германия, Голландия, Қозоғистон, Россия Федерациясининг нуфузли журналларида мақолалари чоп этилди. Шунингдек, республика миқёсида 15 дан ортиқ илмий мақолалари нашрдан чиқиб, жамоатчиликнинг эътибор марказида бўлиб келмоқда.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган сурат.