Коррупцияга қарши курашда назария ва амалиёт
Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш жамият ҳаётининг барча соҳаларида, айниқса таълим тизимида долзарб аҳамият касб этмоқда. Олий таълим муассасаларида шаффофлик, қонунийлик ва адолат тамойилларини таъминлаш давлат органлари билан йўлга қўйилган тизимли ҳамкорлик орқали самарали амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилояти прокуратураси, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик коррупцияга қарши кураш соҳасидаги илғор ва самарали тажрибалардан бири сифатида алоҳида эътиборга лойиқдир.
Мазкур ҳамкорлик доирасида университетда коррупцияга қарши қаратилган маърифий ва профилактик тадбирлар мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда. Самарқанд вилояти прокуратураси ходимлари иштирокида ўтказилаётган очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ва маърузаларда коррупциянинг ижтимоий хавфи, унинг салбий оқибатлари ҳамда ушбу иллат учун белгиланган жавобгарлик чоралари кенг ва тушунарли тарзда ёритиб берилмоқда.
Бундай тадбирлар талабалар ҳуқуқий онгини янада юксалтириш, таълим жараёнида қонунийликка қатъий риоя этиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Самарқанд давлат университетида таълим жараёни, баҳолаш тизими ҳамда имтиҳонларни ўтказишда шаффофликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда прокуратура органлари билан ҳамкорликда профилактик таҳлиллар ўтказилиб, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган аниқ ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
Айниқса, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ва масъулиятни ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ижобий натижалар бермоқда.
Ҳамкорлик доирасида амалга оширилган муҳим ташаббуслардан бири сифатида мактаб ўқувчилари, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ҳамда давлат хизматчилари учун мўлжалланган “Ҳалоллик ва тўғрилик” номли ўқув қўлланманинг чоп этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мазкур қўлланмада ҳалоллик, инсоф, адолат ва қонунийлик тамойилларининг мазмун-моҳияти содда ва тушунарли тилда ёритилиб, коррупцияга қарши курашда маънавий тарбиянинг ўрни очиб берилган. Қўлланманинг кенг аудиторияга мўлжаллангани уни таълим ва давлат бошқаруви тизимида самарали фойдаланиш имконини яратмоқда.
Ёшлар билан ишлаш мазкур ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Университет талабалари ва мактаб ўқувчилари ўртасида “Коррупциясиз таълим”, “Ҳалоллик – муваффақият гарови” каби ғояларни тарғиб этувчи маърифий тадбирлар, учрашувлар ва муҳокамалар ташкил этилмоқда.
Натижада ёшлар орасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шаклланиб, уларнинг фаол фуқаролик позицияси ҳамда ҳуқуқий маданияти мустаҳкамланмоқда.
Самарқанд вилояти прокуратураси ва Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ўртасидаги ҳамкорлик таълим соҳасида коррупцияга қарши курашни самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу маърифий тадбирлар, шаффофликка қаратилган амалий чора-тадбирлар ҳамда “Ҳалоллик ва тўғрилик” ўқув қўлланмаси орқали жамиятда ҳалоллик, адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси.

