НУФУЗЛИ ТАШРИФНИНГ АМАЛИЙ САМАРАСИ
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги директори Асрор Норов Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди. Агентлик раҳбари университетнинг илмий-амалий салоҳияти ҳамда янги лойиҳалари билан яқиндан танишди. Шунингдек, таълим муассасасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, илмий изланишлар ва тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Меҳмон Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар факультети биноси, Квант маркази ҳамда Биокимё институти илмий лабораторияларида олиб борилаётган лойиҳалар, тадқиқотчилар томонидан бажарилаётган тажрибалар ва янги ишланмалар тақдимоти билан танишди. Мазкур ташаббусларнинг илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий этишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг Инновацион ривожланиш агентлиги директори Асрор Норов институт олимлари, профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари билан очиқ мулоқот ўтказди ҳамда сайёр қабул ташкил этди. Озод Юсупов, Сафарбой Ҳайдаров, Бахтиёр Мелиев, Абдусалом Саидов каби олим ва тадқиқотчилар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан тегишли ечимлар ишлаб чиқилди, кўплаб саволларга эса амалий жавоблар берилди.

