Ҳотам  Умуров 1942 йил 10 январда Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилди. Болалик чоғлариданоқ ўзбек адабиётининг йирик вакиллари – Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Сарвар Азимов, Ориф Икромовлар етишиб чиққан муҳитда тарбияланган бўлғуси олим 1959 йилда СамДУнинг филология факултетига ўқишга киради ҳамда уни 1964 йилда  тугатади.

    Ҳотам  Умуров 1971 йилда  «Адабий танқидда маҳорат масалалари» мавзуида номзодлик, 1984 йилда «Психологизм муаммоси ва ўзбек романи» мавзуида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. 1986 йилда профессорлик унвонига эришди. 1993-1998 йилларда Самарқанд давлат университети Ҳозирги замон ўзбек адабиёти кафедрасининг профессори, 1999 йилдан 2014 йилгача кафедра мудири вазифаларида фаолият кўрсатди.

    Олим томонидан эълон қилинган уч юзга яқин илмий ишларда адабиёт назарияси ва адабий танқидчилигимизнинг долзарб масалалари тадқиқ этилган. Алломанинг қаламига мансуб «Қадрдон шоир сиймосини яратиш йўлида», «Адабий танқид назарияси», «Абдулла Қодирий ижоди ва «Ўтган кунлар» поэтикаси», «Уйғоқ дарёлар», «Бадиий ижод асослари», «Адабиёт назарияси», «Вақт» шеърининг поэтикаси», «Шеърият маликаси билан ғойибона суҳбатлар», «Сирлар учини сўз очар», «Ўзбек романчилигида психологизм», «Бадиий психологизм ва ҳозирги ўзбек романчилиги», «Қаҳрамоннинг маънавий олами ва эпиклик» , «Сайланма», «Илмий тадқиқот асослари»  сингари илмий қиймати юксак бўлган кўплаб асарлар  адабиёт назарияси ва адабий танқидчилик фанига қўшилган улкан ҳиссадир. Олим 15 дан ортиқ фан номзоди, 3 нафар фан докторларини тарбиялаб етиштирган эди. 

    Беназир инсон ва олим, мунаққид, ижодкор, профессор Ҳотам  Умуровнинг порлоқ хотираси уни таниган ва билганлар ва шогирдлари хотирасида ҳамиша сақланади.

    Самарқанд давлат университети жамоаси.