Ўзбекистон – Венгрия ректорларининг учинчи форуми
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Рақамли даврда олий таълим: сунъий интеллект, инновацион моделлар ва глобал рақобатбардош университетлар” мавзусида Ўзбекистон – Венгрия ректорларининг учинчи форуми бўлиб ўтди.
Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов очди. Венгрия ректорлар конференцияси президенти Бела Меркели, Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жозсеф Розса, Обуда университети ректори Левенте Ковач иштирокчиларни табриклади.
Венгрия билан олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик асосан академик дастурларни амалга ошириш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш каби йўналишларни ўз ичига олади. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ олий таълим ташкилоти Венгриянинг 30 дан зиёд университет ва илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириб келмоқда.
Самарқандда ўтган анжуманда Ўзбекистон – Венгрия таълим ва илмий соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу музокаралар натижасида Самарқанд давлат университети ҳамда Венгриянинг Szeged, Eszterházy Károly Catholic вa Óbuda университетлари ўртасида икки томонлама англашув меморандумлари имзоланди.
Ўзбекистон – Венгрия ректорларининг учинчи форумида Самарқанд давлат университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори Акмал Ахатов иштирок этди.













Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.

