Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Муҳандислик физикаси институтида немис тилини ўрганаётган 60 га яқин иқтидорли талаба билан учрашди. 

    Ёшларга замонавий муҳандислик соҳаси учун зарур бўлган назарий билим ва амалий кўникмаларни эгаллаш, халқаро майдонда рақобатбардош мутахассис бўлиб етишиш борасида аниқ тавсиялар берилди.

    Рустам Холмуродов Германия таълим тизимининг муҳандислар тайёрлаш борасидаги илғор тажрибасига алоҳида тўхталди. Талабаларни келгусида магистратура ва докторантура босқичларини айнан Германияда давом эттиришга чақирди. Бунинг учун, энг аввало, немис тилини мукаммал даражада ўзлаштириш, соҳага оид билимларни чуқурлаштириш ҳамда илмий изланишларга эрта киришиш зарурлиги таъкидланди.

    Самарқанд давлат университетида бугунги кунда халқаро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, Германиянинг қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан самарали алоқалар йўлга қўйилгани айтилди. Талабалар учун академик алмашинув дастурлари, қўшма таълим лойиҳалари ва илмий стажировкалар каби кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.