Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов иқтидорли талабалар билан учрашди.

    2025 ўқув йилида Президент ҳамда давлат стипендияларига сазовор бўлган талабалар, турли республика ва халқаро танловлар ғолиблари эсдалик совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

    - Талабаларнинг муаккамал ўқиши, илмий изланишлар олиб бориши учун барча шароитлар яратилган, - дейди СамДУ ректори Рустам Холмуродов. - Сизлар университетимизнинг етакчи талабаларисиз. Бугунги натижаларингиз сизлар учун бошланиши бўлсин. Ҳамма сизга ҳавас билан қарасин. Ўз устингизда яна-да кўпроқ ишлашингиз зарур. Хорижий тилларни мукаммал ўрганиш ва халқаро майдонда фаол бўлишингиз керак. Шуни унутманг, замонавий билим ва кўникмалар билан қуролланган ёшлар мамлакат тараққиётининг асосий таянчи. Сизларга улкан омад ва зафарлар тилайман.

    Шаҳбоз Бўронов, СамДУ юридик факультети 4-босқич талабаси:

    - 2024-йилда Алишер Навоий номли давлат стипендияси соҳиби бўлдим. Бу йил Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясини қўлга киритдим. 30 дан ортиқ мақолам халқаро журнал ва конференция тўпламларида эълон қилинди. “Йил талабаси – 2025” танлови ғолибиман. Стипендиант бўлиш мен учун катта шараф ва масъулиятдир. Илмий раҳбарим СамДУ юридик факультети декани Раҳматилло Мирзаевдан миннатдорман. Ўқишимни магистратура ва докторантура босқичида давом эттириш ниятидаман. Биз, ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга раҳмат айтаман.

    Маржона Турсунмуродова, СамДУ тарих факультети талабаси:

    - Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли давлат стипендиясини қўлга киритдим. “Маърифат майдони – 2024”, “Китоб - менинг дўстим” республика кўрик-танловлари иштирокчисиман. “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи ғолибиман. 10 дан ортиқ мақолам халқаро журналларда нашр этилган. Илмий раҳбарим - СамДУ Жаҳон тарихи кафедраси доценти Сирожиддин Ўсаров. Ўқишимиз учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ундан самарали фойдаланиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун ректор Рустам Холмуродовдан миннатдорман.

    Тадбир давомида Президент ҳамда давлат стипендияларининг янгиланган низоми, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.