Ўзлигини англаётган авлод
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари учун бетакрор, муқобили йўқ Консепцияни илгари сурди
Менинг назаримда дунёнинг бирорта мамлакатида давлатни ёшлар олдидаги масъулияти, ёшларни Ватан олдидаги бурч ва вазифаси бу қадар аниқ белгиланмаган.
Ўзбекистон раҳбари ёшларга оид давлат сиёсати деб номланган умумий, манзилсиз қарашларга бутунлай барҳам берди. Бугунги консепция ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Бу катта тажриба, кузатишлар, ўрганишлар ва тўғридан-тўғри ёшлар билан мулоқот замирида яратилди.
Эътибор билан таҳлил қилинганда менда шундай фикр пайдо бўлди.
Ўзбекистон ёшлари билим олиши, чет тилини ўрганиши, ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик ёки фермерлик билан шуғулланиши учун барча имкониятлар муҳайё қилинди.
Қолгани, аввало, ёшларимизга ва белгилаб берилган вазифаларни ижро этувчиларга боғлиқ.
Нимага ёшларимиз таълим-тарбияси, тақдири, келажаги, доимий равишда Президентимиз эътибор марказида туради?
Президентимиз қаерга бормасин, қандай мавзуда мажлис ўтказмасин барибир ёшлар масаласига тўхталади. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглайди. Қалбини эшитади. Кўнглини сўрайди. Ўз навбатида ҳар доим ёшларга интилади. Ёшларга ўзгача меҳр билан ёндашади.
Президентимиз стратегик. Узоқни кўра олади. Ёшларга яқинлашиш, уларни бир мақсад йўлида бирлаштириш, ёшларда ватанпарварлик ҳиссини пайдо қилиш бугун жуда-жуда керак.
Ўзбекистондаги ҳар бир ёш билиши, англаши зарур бўлган бир ҳақиқат бор. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳақиқати. Миллат ва мамлакат тақдири яна 10-20 йилдан кейин бугунги ёшларнинг қўлида бўлади.
Бугун Президент ёшларни ҳимоя қилаётган бўлса, бу миллат келжагининг ҳимоясидир. Бугун Президент ёшлар тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга жон жаҳди билан уринаётган бўлса, бу эртага миллат интелектини баланд бўлишига асосдир.
Президент фақат бугун билан эмас, келажак билан яшашга ундамоқда.
Бугун ер юзида тафаккур жанги, уруши юз бермоқда. Бугун фақат ақл ғалаба қозонади. Заковат, билим устунлик қилади.
Табиий бойлик ёки географик жойлашув билан тараққиётга эришаман деган қарашлар аллақачон эскирди. XX асрда қолиб кетди.
XXI аср тафаккур ва таълим, интелект асрига айланди. Инсоният эришган билимларни ўзида жамлаган мамлакатлар қудрати тобора ортиб бормоқда. Улар оҳанграбо каби жаҳон миқёсидаги истеъдодларни тортиб олишмоқда, тўпламоқда.
Президентимиз бошлаган ислоҳотлар, айниқса, ёшлар мисолида бутунлай ўзини оқлади. 10 йил олдин экилган ниҳоллар мевасини кўрмоқдамиз.
Бугунги ёшлар бундан 10 йил олдинги ёшлардан бутунлай фарқ қилади. Ёшлар жамиятда тезроқ ўз ўрнига эга бўлиш учун интилмоқда, курашмоқда. Уларда ватанпарварлик ҳисси баланд. Ўтган давр ичида диплом олишга эмас, мутахассис бўлишга, мутахассис бўлганда ҳам, замонавий мутахассис бўлишга интилиш ортди. Ёшларимиз олий таълимни бакалавр босқичидаёқ хорижий тил ўрганмоқда. Магистратурани хорижда ўқишга ҳаракат қилмоқда. Хориждан келган профессор-ўқитувчилар билан чет тилида бемалол мулоқот қилмоқда. Бугунги ёшлар компьютер технологиялари ва интернет имкониятларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишмоқда.
Президентимиз бундан 10 йил олдин ёшлар онгини ўзгартириш, уларга эркинлик бериш, ёшларни тафаккур қуллигидан қутқариш борасида жуда муҳим қадамларни ташлаган эди.
Бугун тарих қаърига улоқтириб ташланган мажбурий меҳнат, пахта қуллиги, болалар экспулатацияси деймизми. Буларнинг бари нафақат фарзандларимизни оёғидаги тушов, балки тафаккурига солинган кишан эди.
Минг афсуски, ҳатто мустақиллик ҳам бизни бу балолардан қутқаза олмади. Халқимиз чорак аср мажбурий меҳнат бўйинтириғидан халос бўлолмади. Фақатгина Президент Шавкат Мирзиёевнинг метин сиёсий иродаси миллатни асрий азоблардан қутқазди.
Озод тафаккурли ёшлар, тарих учун қисқа бўлган бир даврда, бутун дунёга Янги Ўзбекитонни англатиш учун кураш олиб борди. Бу халқаро фан олимпиадалари бўладими, бу шахмат мусобақаларими…
Дунё ўзбекни тан олиши учун, ўзбекни тасаввур қила олиши учун Янги Ўзбекистонни билиши учун жуда машаққатли йўлини босиб ўтдик.
Президентимиз илгари сурган Консепцияси нима учун муҳим, долзарб, зарурат эканлигини чуқур англаб етишимиз керак.
Бугун дунёда онг, тафаккурни эгаллаш учун бўлаётган жангларнинг асосий қурбонлар ёшлар еканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ.
Мен ярим асрдан кўпроқ тарихни таҳлил қила оладиган инсон сифатида шуни яхши биламанки, бирор бир ғояни сингдирмоқчи бўлганлар ҳеч қачон катта ёшлиларни танламайди. Уларнинг ўлжаси ёшлар ҳисобланади.
Ёшлар онгини асраш, ёт ғоялардан қўриқлаш бугун ҳар доимгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Миллат ҳеч қачон ўз қўли билан калажагини кимларнидир измига ташлаб қўймаслиги керак.
Бунинг бирдан бир йўли мактабгача таълим, мактаб, техникум, олий ўқув юрти бўладими, у ерда ишлайдиган профессор-ўқитувчи болаларимизни виждонан ўқитиши керак. Натижа кўрсатиши зарур.
Агар ҳар бир фан ўқитувчиси ўз ишига масъулият билан ёндашганда эди, бугун ҳаётимиз бундан-да фаровон бўларди.
Президентимиз ректорлар, директорлар, профессор-ўқитувчилар фаолиятига танқидий баҳо бергани ҳам бежиз эмас. Миллат ёшларини яхши ўқишига, касб-ҳунар эгаллашига, соғлом бўлишига бефарқ қараган ҳар қандай раҳбарни хиёнаткор деб атаса тўғри бўлади. Унинг лоқайдлиги миллат келажагига қилинган хиёнатдир.
Президентимиз Консепциясида мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанбе куни “Ёшлар куни” сифатида белгилаб қўйилди.
Бу нимани англатади? Биз раҳбарларнинг бош вазифаси ёшлар бўлиши кераклигини кўрсатади.
Президентимиз тадбиркор бўлишни истовчи ёшлар учун ҳам мисли кўрилмаган имкониятлар портфелини тақдим этди.
Манба аниқ. Ижрочи белгиланган. Маблағ ажратилган. Ортга қайтишга йўл йўқ.
Ёшлар тадбиркорлигига бугунгидек даражада эътибор қаратилганлигни ҳеч қачон кўрмаганман. Бу борада илгари сурилган фикрлар жуда муҳим ва фойдалидир.
Президентимиз Гарвард, Стенфорд, Лондон иқтисодиёт мактаби каби нуфузли олий оқув юртларининг илғор тажрибалари асосида ёшларни ўқитиш зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлади.
“Янги авлод тадбиркорлари”, “Келажак тадбиркори”, “Менинг биринчи касбим” каби дастурларни ҳаётга татбиқ этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Мазкур дастурларнинг ижро этиш манбалари ҳам кўрсатиб ўтилди.
“Фикрингни бер” инклюзив оромгоҳини ташкил қилиш, “Ўсиш ва ривожланиш” стартап лойиҳасини янада кенгайтириш, “Ишла ва саёҳат қил” дастурларининг доимий фаолиятига эришиш кераклиги уқтириб ўтилди.
Хорижий тил сертификатини олган ёшлар сони тобора ортиб, сертификат эгалари, ўз навбатида инструкторлик фаолиятини олиб бораётганлиги алоҳида қайд этилди.
Тўғрисини тан олиш керак. Бундан 10 йил олдин Ўқув маркази очиш машаққат эди. Унинг йўлида шунчалик кўп тўсиқ бор эдики, уларни олиб ташлашга унча-мунча одамнинг кучи, бардоши, сабри етмасди.
2016 йилда бундай бюрократик тузоқларни олиб ташланиши натижасида мамлакатимизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам замонавий Ўқув марказлари пайдо бўлди. Бу Ўқув марказлари давлат таълим даргоҳлари билан соғлом рақобатга кириша оладиган даражага етди.
Бугун мамлакатимизда хусусий ўқув марказлари сони 3 каррага ортиб, 38 мингтага етибди. Бу аслида маърифат тарқатиш йўлида юртдошларимиз кўрсатган жонбозликдир. Бугун мазкур йўналишдаги ёш тадбиркорлар Ўқув марказлари уюшмасини ташкил қилиш ташаббусини илгари сурмоқда. Президентимиз буни қўллаб-қувватлаш кераклигини кўрсатиб ўтди.
Бугун дунё аҳолисининг 10 фоизидан ортиғи волонтёрлик билан шуғулланмоқда. Ҳаётимизни волонтёрлик фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ўтган давр ичида мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилди. Волонтёрлар мактаби, олий ўқув юртларида марказларнинг ташкил қилинганлиги ҳисобидан волонтёрлик билан шуғулланадиган ёшларимизнинг сони беш каррага кўпайди. Бунинг натижасида ёшларимиз дунё волонтёрлик институтлари билан алоқа ўрнатиш, тажриба алмашиш борасида ҳам муҳим қадамларни ташлади.
Ёшлар ишлари агентлигида “Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш” жамғармасини ташкил қилиш вазифаси юклатилди. Уни маблағ билан таминлаш механизимлари кўрсатиб ўтилди.
Бугун ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Китобсиз на билим, на тафаккур, на интелектни ошириб бўлмайди. Интернет асрида ёшларни китобга қайтариш қийин бўлиши муқаррар эди. Лекин шунга қарамасдан бошланган ҳаракатлар ўз самарасини берди.
Бугун китоб ўқиётган ёшларимиз сафи тобора ортиб бораётганлиги қувонарлидир. Бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармасининг тузилганлиги маънавий ҳаётимиздаги жуда муҳим воқеалардан бири ҳисобланади.
Янги ўқув йилигача 100 асардан иборат китоблар тўплами тайёрланиб, мактаб ва техникумларга етказиб берилиши режалаштирилмоқда.
Бундан кейин мактаблардаги энг фаол китобхон ўқувчиларга 10 миллион сўмдан мукофот берилиши белгиланди. Шунингдек, китоб савдоси борасида ҳам яхши хушхабарлар айтилди.
Президентимиз Консепциясининг ҳар бир бандини чуқур қониқиш билан тингладим. Мазкур Консепцияни билган, уни ўз ҳаётига татбиқ эта олган ёшлар кўз олдимда намоён бўлди. Уларга ҳавасим келди. Эндиги гап ёшларимизнинг ўзида қолгандай.
Ота-она масъулиятини ҳам ошириш керак деб ўйлайман. Улар фарзандларига тўғри тарбия бериши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун интилиши жуда ҳам зарур.
Президентимиз ёшлар кележагини мана шу Консепция билан белгилаб берди.
Мен ишонаман, ўзлигини англаган авлод учун бу Консепция ҳаёт-момот масаласидир.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

