Инсон қадри – Навоий ижодининг бош мезони
Кишилик тарихида ўзининг беназир шахсияти, умуминсоний ғояларга йўғрилган ижоди билан ўчмас из қолдирган Низомиддин Мир Алишер Навоий учун ҳам инсон шаъни, қадр-қиммати асосий бош мезонлардан бири ҳисобланган. Алишер Навоий нафақат ўзининг асарлари, яъни маънавий мероси билан, балки ўзининг давлат бошқарувидаги ва жамиятдаги мавқеи билан ҳам инсонларга ҳар томонлама хизмат қилиш унинг учун олий қадрият ҳисобланган. Бу ҳақида унинг ўз асарларидан тортиб унга замондош бўлган тарихчиларнинг асарларида ҳам бир қатор қизиқарли маълумотлар келтирилган. Жумладан, Алишер Навоий ўз молиявий ишларининг сарҳисоби ҳисобланган «Вақфия» асарида ўз ҳисобидан кишилар фойдаланиши учун қурилган масжид, мадраса, шифохона, кўприк, работ сингари иншоотларнинг рўйхатини келтирган. Манбаларда айтилишича, Навоий қурдирган «Халосия» хонақоҳида ҳар куни мингдан ортиқ фақир мискинлар зиёфат қилинган, кийим-бош улашилган. Эътиборли жиҳати шуки, Алишер Навоий таъсис қилган мадрасалардаги ўқиш-ўқитиш тизимининг баъзи ўзига хос жиҳатлари, олимлар ва талабарга тўланадиган нафақа ва маошлар ҳақида унинг «Вақфия» асарида маълумот берилган. Унда айтилишича, мадрасадаги ҳар бир дарс ҳалқаси (поток)да ўн биттадан толиби илм таҳсил олган, улар ўзлаштиришларига қараб уч табақага – аъло, васат (ўрта) ва адно (қуйи)га бўлинган ва шу мезон асосида уларга нафақа (стипендия) тайинланган. Бу айни вақтдаги университет тизимига жуда ўхшайди.
Тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, Ҳирот шаҳрининг ўзида бевосита Навоийнинг ташаббуси ва ҳомийлиги билан «Ихлосия» ва «Низомия», тиббий илмлар беришга ихтисослашган «Шифоия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, бундан ташқари Марв шаҳридаги «Хусравия» мадрасаларининг таъсис этилгани бунинг мисолидир. Хондамирнинг яна алоҳида эътироф этишича, «Ихлосия» мадрасаси ва «Халосия» хонақоҳида дунёнинг турли мамлакатлари ва бурчакларидан бир неча минг талаба келиб, қисқа вақт ичида ўз билимларини такомиллаштиришга муваффақ бўлганлар.
Алишер Навоий ўз мадрасаларида устоз мударрисларнинг ҳам моддий таъминотни ўйламай тинч ва осойишта илм, ижод билаш шуғулланиш, талабаларга сабоқ беришлари учун етарли шароит яратишга жиддий эътибор қаратган. Ҳатто шу муаллифнинг гувоҳлик беришича, Навоий мадрасасида дарс берувчи Мир Аттоуллоҳ исмли олим мадраса яқинидан уй қуриш учун ер олиш тараддудига тушиб, бир муаммога дуч келганида шоир ҳеч ўйлаб ўтирмай ўзи учун қурилган тайёр уйни олимга тортиқ қилиб юборади. Инсонларга, айниқса илм аҳлига кўрсатилган бу каби ғамхўрлик ҳамма замонлар учун таҳсинга сазовордир.
Алишер Навоий маънавий мероси – бадиий ижодининг ҳам бош ўқ илдизи инсон ва унинг қадрини улуғлашдир. Навоий ижодида инсон масаласи у мансуб бўлган мусулмон минтақаси фалсафий қарашлари билан узвий ҳолда боғлиқ ҳолда талқин этилган. Навоийнинг эътиқодига кўра инсон борлиқдаги энг шарафли, ўхшаши топилмайдиган мавжудот, ҳатто борлиқларнинг яратилишидан мақсад ҳам инсондир, у шунчаки яратилиб қўя қолинмаган – унинг кўнгли ирфон – маърифатнинг хазинаси:
Офаринишдин қилиб инсон ғараз,
Они айлаб халқ ичинда безаваз.
Кўнглин онинг махзани ирфон қилиб,
Ул тилисм ичра ўзин пинҳон қилиб.
Бас шундай экан, у ҳар қанча шарафланишга лойиқ. Инсон ўзининг бу қадр-қиматини иймон, ирфон ва илм орқали англаб етиши мумкин. Ўзининг нима учун яратилганини, бу оламга нима вазифа билан юборилганини билмаган, жоҳил бўлиб яшаб ўтиш инсоннинг энг катта фожеасидир, дейди Ҳазрат Навоий:
Эй Навоий, жаҳл ила ўлмак қатиқ ишдур, вале
Чун камоли маърифат касб ўлди не нуқсон ўлум.
Демак, ўзининг илоҳий қадрини маърифат орқали англаган инсон учун ўлим билан ҳаёт тугамайди, балки унинг умри боқийдир. Шундай бўлгач, инсонларга ҳар жиҳатдан хизмат қилиш, уларга фойда етказиш ҳам шарафли ишдир, дейди шоир. Унинг фикрича, одамларга бирор хизмати, яхшилиги билан фойда етказган одам бу яхшиликни аввало ўзига қилган ҳисобланади:
Нафъинг агар халққа бешак дурур,
Билки бу нафʼ ўзунгга кўпрак дурур.
Алишер Навоий одамларнинг яхшироғи ким, деган саволни қўядида, бунга шундай жавоб қайтаради:
Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?
Эшитиб, айла шубҳа рафʼ андин,
Яхшироқ бил ани улус ароким,
Етса кўпрак улусқа нафʼ андин.
Яъни, одамларнинг яхшироғи, халққа кўпроқ фойдаси тегадиганидир!
Аксинча, сўзию феъли билан одамларга зарари тегадиган кишиларни Алишер Навоий жуда ҳам таҳдидли, кескин сўзлар билан огоҳлантиради – одамлардан зулм, алдов ва товламачилик билан тортиб олинган бир синиқ игна бўлса ҳам, бир куни олмос тиғли ханжар бўлиб зулмкорнинг ўзига қайтишини, мазлум унинг гуноҳини кечирмаса, жаҳаннам оташида куйишини, кимгаки бир тикан билан ноҳақ ситез – таҳдид кўрсатган бўлса, бу тикан ўзига юзта ўткир тиғ бўлиб қайтишини ва кимгадир бир ипчалик зарар етказган бўлса, бу ип бир кун уни илондек ҳалок қилишини тушунтиради:
Гарчи синуқ игна ҳақунносдур,
Бағринг аро ханжари олмосдур.
Қилмаса мазлум гуноҳинг биҳил,
Дўзах ародур ватанинг муттасил.
Афвин анинг тутмасанг уммид сен,
Билки томуғ ўтида жовид сен.
Кимга тикан бирла қилибсен ситез.
Урғусидур кўксунгга юз тиғи тез.
Кимки бўлур бир шараринг фош анга,
Дўзах ўти бўлғуси подош анга.
Кимгаки бир ришта етурдунг зиён,
Қатлинга ул риштани билгил йилон.
Шоирнинг бу мисраларини ўқиб, қалбан англаган ҳар қандай инсон ўзи сингари бирор одамга заррача зиён-зарар етказишига ботина олмаслиги шубҳасиздир. Чунки, Навоий бу гапларни шунчаки ўзидан тўқиб ижод қилмаган, унинг асарларини эринмасдан, махсус тайёргарлик билан ўқиб ўрганган инсон буни тушунади. Навоий учун ҳақиқий мусулмон ким? У бу саволга бошқа мусулмонлар қўлию тилидан саломат бўлган киши, яъни қўли ва тили билан бировга озор бермайдиган одамдир деб жавоб беради:
Ким мусулмонлиғ айласа даъво
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурурки, солимдур.
Тилию илгидин мусулмонлар.
Бу мухтасар таҳлиллардан хулоса шуки, Алишер Навоий ўзининг онгли ҳаётини инсон манфаати, дарди билан яшаб ўтказди. У инсонни фақатгина моддий эмас, балки маънавий жиҳатдан ҳам қадрлашга умрини бағишлади. Унинг асарларидаги яхши инсонлар номига айтилган мақтовларни унинг ўзига нисбатан ҳам бемалол қўллаш мумкиндир. Унинг бу каби қарашларини ўзида умумлаштирган қуйидаги мисралари эса инсонларга манфаат этказишнинг бош шиорларидан бири бўлиб қолаверади:
Одами эрсанг демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами!
Алишер РАЗЗОҚОВ,
Самарқанд давлат университети
мумтоз адабиёт тарихи кафедраси ўқитувчиси,
филология фанлари бўйича фаласафа доктори

