“НАВОИЙ ҚАБРИ”

Ҳирот шаҳристони
Узра балқиб тонг,
Шуурга тўлганда чорбоғу-даштлар,
Шаҳар четидаги
Қадим қабристон
Дарвозасидан кирди икки ёш аскар.
Елкаларда милтиқ
Осилган эди,
Бири ўзбек эди, бошқаси – афғон.
Тинч эди, сарин ел
Ғир-ғир эсарди,
Хатарни сезгандек қизил эди қон.
Қабристон оралаб
Айланди улар,
Ўлганлар уйқусин асло бузмасдан.
Анбар исларини
Сочарди гуллар
Уруш даҳшатини, қонни сезмасдан.
Ёш афғон аскари
Тўхтару бирдан,
Бир дам бошин эгиб ҳаёлга ботар,
Сўнг айтар қандайдир
Бир алам билан:
“Бу мақбарада ҳазрат Навоий ётар…”
Бу сўзни эшитган
Ўзбек боласи
Вужудида кўзин очди муз титроқ.
Бирдан кўз ўнгидан
Ярқ этиб ўтди
Олис-олисдаги қадрдон тупроқ.
У узоқ ўтирди
Мақбар қошида,
Ўз-ўзидан ногоҳ намланди кўзи.
Армонлар бор эди
Кўзин ёшида,
Тилига югурди дилининг сўзи:
“Бобожон, наҳотки,
Шунда ётибсан?
Агар шундай бўлса, берақол садо.
Бу ерга Амудан
Ошиб келганман,
Байналмилал бурчим этай деб адо.
Сенинг хокинг ётган
Бу бадбахт юртга
Қўлда милтиқ билан мен кириб келдим.
Икки йил жанг қилиб,
Фақат шу бугун
Сенинг бу тупроқда ётганинг билдим.
Кўзим кўр, дилим кўр,
Тилим кесилган,
Сенинг неварангман, сенинг болангман.
Бобожон, кечиргин,
Исм-шарифингдан
Бошқа ҳеч нимани яхши билмайман.
Гарчи мен яшаган
Юрт шоирлари
Сенинг номинг билан ичурлар қасам,
Мен қандай ишонай
Бу қасамларга,
Сенинг юрагингни агар билмасам.
Билсам, келармидим,
Ахир, бобожон,
Сен ётган тупроққа милтиқ, тиғ ушлаб…”
Ёш ўзбек ўғлони
Сўзларди нолон,
Аламу-ҳасратдан лабини тишлаб.
У узоқ сўзлади
Силқиган дарддан,
У узоқ сўзлади бўлганча адо.
Аммо тонг сукутин
Бузиб мақбардан
Чиқмади барибир бирон бир садо…
Хуршид Даврон, Ўзбекистон халқ шоири