Шоирлар мажлис кунини тайин қилишди. Туманнинг кўзга кўринган қаламкашлари ўз муридлари билан хонаи пешвога йиғилдилар. Муридлар орасида фақат бир дарвеш бегона эмиш.

    Муридлардан бири сўз бошлади.

    - Камина қулингиз, устозимиз шоир Тумандий ижодларидан ўқиб берсам.

    - Баракалла, бўладиган бола, - деди шоир Туманий  мамнун оҳангда муридига.

    Дарвешнинг энсаси қотиб турган бир пайтда «Навоий ҳазратлари...» деб, гап бошлаб қолибди ҳалиги мурид. «Машааллоҳ», деди Дарвеш, ўрнига қулай ўтирганча. Мурид сўзида давом этди: «Навоий ҳазратларининг ижоди беҳад беқиёсдурлар. Устоз, сизлар тунимизни нурафшон этган шаҳам бўлсангиз, ул зот қуёшдурлар. Қуёшга етиб бўлмаганидек, бизга сиз устозлар атрофида парвона каби бўлмоқ мақбулдир. Шу сабабдан ёшларимизга шуни айтган бўлардимки, энг аввало сизларни ўқусинлар. Қадамни Тумандан бошламоғимиз зарур. Пойтахт томон йўл олган шогирдларимиз ҳам ул томонларда ўз тумандошлари билан бир давра тузушиб, устозларимиз номини Азим Шошга танитмоқдалар», деди устозларига кўз қирини ташлаб. Устозлар муриднинг зеҳнига қойил қолиб, маъқуллаб бош силкибди. Минбарда қулай жойлашиб, ёш шоирлар учун тўлиб тошаётган бу мурид туман бўйича нечта китоб чиққанию, нечта шоир кашф этилгани ҳақида ваъз ўқишда давом этарди. Қолганлар эса, унинг маърузасини қарсаклар ила олқишлаганча тинглардилар. Энг қизиғи, шоирликни даъво қилмасдан туриб, уч-тўртта китоб чиқаришга улгурган бу даврадаги қаламкашларнинг қўллари ёзишдан кўра, чапак чалишга уста эмиш. Чунки, чапаксиз уларнинг бор йўқлигини билиб бўлмас эдида.

    Қуёшни севган Дарвеш шарт ўрнидан туриб, қулоқларини бекитганча даврани тарк этди. Буни кўрган давра аҳли пичирлашга тушдилар.

    - Оми одам, бундай сермавж давраларда сузиб кетолмайди, давом этинг, шогирд. - дея имо қилди шоир Туманий муридларига.

 

Шаҳризод Шодиев

Самарқанд давлат университети

филология факультети талабаси