Флешбек

    Менинг қишки таътилдаги асосий вақтим бадиий китоблар мутолааси билан ўтади. Бу сафарги таътилда китоблар рўйхатидан машҳур француз ёзувчиси Стендалнинг “Қизил ва Қора” романини танладим. Ушбу китобга бўлган қизиқишим унинг номи билан боғлиқ бўлди. Нега айнан “Қизил ва Қора”?

     Асар ҳақида

     Асар роман жанрида бўлиб, 1827 йилда ёзилган. У ўзида 1820 йилда Франция жамиятида юз берган ижтимоий ҳаётни мужассамлаштирган. Асар илк бор 1830 йилда нашр этилган. Стендалнинг “Қизил ва Қора” романи психологик реализмнинг (қаҳрамонларнинг мотивациялари ва ички фикрларига қаратилганлиги) етук намунаси сифатида танилган.

     Сюжет

     Асарнинг бош қаҳрамони 19-20 ёшдаги Жулен Сорел. У оддий дурадгорнинг ўғли бўлишига қарамай Инжил китобини ёддан билар ва шу билан бирга лотин тилида равон сўзлаша оларди. Ҳамма воқеа унинг Верер мери жаноб де Реналнинг болаларига тарбиячи бўлиб ишга олинганидан бошланади. У ерда Жуленни хонадон бекаси бўлган де Ренал хоним севиб қолади. Икки қаҳрамон ўртасидаги муҳаббат уларнинг бошига кўплаб муаммолар олиб келади. Шу сабабли Жулен Безансондаги семинарияга ўқишга кетишга мажбур бўлади. У ерда у машҳур аббат Перарга шогирд тушади. Перар истеъфога чиққанидан сўнг, у Парижга кетади. Аббат Перар жаноб де Ля Молга Жулен ҳақида айтиб беради. Шунда де Ля Мол Жуленни ўз  ҳузурида котиб бўлиб ишлашга таклиф қилади. Шундай қилиб, Жулен Парижга йўл олади. У ерда ишлаган вақт ичида Жулен ўзидаги очилмаган қирраларни очади ва маркиз де Ля Молнинг қизи Матилдани ўзига ошиқ қилишга мушарраф бўлади. Жулен унга нисбатан ҳеч қандай туйғуларни ҳис қилмасада зодагон хонимнинг эътибори уни хурсанд қилади. Бир куни Матилда Жуленга ундан фарзанд кутаётганини айтади. Бироқ, Жуленнинг собиқ севгилиси де Ренал хонимдан келган хат ҳаммасини барбод қилади. Жулен де Ренал хоним билан учрашгани кетади ва унга черковда ўқ узади. Де Ренал хоним ўлмайди. Жуленни эса ҳибсга олишади. Матилда бор имкониятидан фойдаланиб уни қутқариб қолишга уринади. Де Ренал хоним ҳам суддан ўзининг қотилини кечиришини сўрайди. Суд Жулен фойдасига ҳал бўлаётган эди, лекин, унинг буржуа жамиятини танқид қилган нутқидан кейин суд уни ўлимга ҳукм қилади.

    Қамоқда Жулен де Ренал хонимни ўлдирмоқчи бўлганидан тавба қилади ва фақат уни севганини англаб етади. Де Ренал хоним эса ўша хатни кучли рашк таъсирида ёзганини тан олади.  Бу орада Жулен қатл этилади. Де Ренал хоним эса унинг ўлимидан сўнг 3 кундан кейин фарзандларини бағрига босганча дунёдан кўз юмади. Матилда эса қаҳрамони бўлган қиролича Маргаретта сингари севгилисининг танасидан жудо қилинган бошини беришларини талаб қилади ва уни шахсан ўзи дафн этади.

    Асар таҳлили

    Асарнинг бош қаҳрамони Жулен Сорел тахтдан ағдарилган Напалеоннинг тарафдори бўлади. Унинг Напалеонга сажда қилишини китобхон асарни ўқиш жараёнида қийинчиликсиз ҳис қилади. Қарийб 700 саҳифадан иборат бўлган ушбу асарда Стендал Франция ҳаётини аниқ ва тушунарли тарзда тасвирлаб берган.

    Асарда Жулен қобилиятига яраша мавқени эгаллаш учун турли йўллардан фойдаланган ҳамда ўзининг ўта таъсирчанлиги билан кўплаб хатоларга йўл қўйган ўсмир сифатида тасвирланган. У Франция жамиятида мавжуд бўлган қонун-қоидалардан қониқмайди, адолатсизлик, эрксизлик учун доим кураш олиб боради.  Лекин, у мана шу ниятларини яшириб, ўзи тушган муҳитга тезда мослашиб кета олиши билан китобхонни беихтиёр ажаблантириши мумкин. Асарнинг кўзга ташланадиган ва китобхон учун тушунарсиз туйғуларни пайдо қиладиган қисми бу- Жулен ва де Ренал хоним ўртасидаги муҳаббат. Асарда де Ренал хоним (Луиза) га берилган таърифни ўқиб, китобхонда унга нисбатан меҳр пайдо бўлиши ва кейинги саҳифаларда унинг муҳаббати учун қилган ишларига кўзи тушгач эса унга қарши нафрат туйғуси шаклланиши мумкин. Франция жамиятидаги қизғин сиёсий жараён ҳақида сўз кетаётганда сюжетга ўзининг қувноқ характери билан сеньор Джеранимонинг кириб келиши эса китобхонни сиёсий жараёнлардан бироз чалғишига ёрдам бериб, унга ўзгача кайфият бағишлайди. Безансондаги семинария талабаларининг таърифларини ўқиётганда китобхон қалбида «шукр» ҳамда «маъсулият» туйғулари янада авж олади. Жуленнинг Парижга, маркиз де Ля Мол хонадонига ишга ўтганидан кейинги тасвирлардаги юз бераётган ҳодисалар, у ердаги муҳит ва турли қаҳрамонлар орқали ёзувчи Париж аҳолисининг характерини қисман бўлсада очиб беришга уринганини кўрамиз. Асардаги аёл образлар, хусусан, де Ренал хоним ва Матилда характерларида ёзувчи аёлларга хос бўлган жозиба, қайсарлик ва довюраклик ҳислатларини катта бадиий куч билан очиб берган. Ушбу аёллардаги ҳислатларга нафақат қаҳрамонимиз Жулен балки, ушбу асарни қўлига олган китобхон ҳам тасанно айтади.

     Хулоса 

     Ушбу асарда Франция жамиятидаги “Аристократик салон”  ёритиб берилган. Агар китобхон асар бошланишидаги Жулен билан асар сўнгидаги Жуленни солиштирса умр йўли давомида инсонда кузатиладиган ўзгаришларга гувоҳ бўлиши мумкин. Ҳар биримиз мақсадимизга эришиш йўлида тўғри қарор қабул қилишимиз керак.

     Демак, асар бежизга “Қизил ва Қора” деб номланмаган.

     Қизил – жўшқин қон, ёшлик, мақсадларга эришиш истагидир.

    Қора – мақсадларга эришиш йўлида қўйилган тузоқлар, найранглар.

    Иқтибослар

- Дилингга озор бермай, кўнглингни ололмайдилар.

- ... бу фоний дунёда инсон майли ҳамма нарсани ҳам ҳал қилавермас экан.

- ... сайёҳ баланд тоғ тепасига чиққач, унинг чўққисида ҳузур қилиб дам олади. - Агар бу сайёҳни ўша ерда умрбод дам олишга мажбур этишса, у бахтли бўлармикин?

- “Тушунадиган одамга оз гап ҳам етади”

- ... сиз, сохта табассум жилваланиб турган башараларга ўрганиб qolgansiz...

- Инсон иродаси ҳар қандай тўсиқни енгиши мумкин.

    Асар ҳақида қизиқарли фактлар

     Стендалнинг тугалланмай қолган кейинги романи шунга ўхшаш ном билан номланган эди - “Қизил ва Оқ”;

    1850 йилда Николай ИИ Россияда ушбу китобни тақиқлади;

    1864 йили эса Ватикан ҳам Стендалнинг бу романини тақиқланган китоблар рўйхатига киритилган.

 

Баҳора Абдужалолова,

Самарқанд давлат университети

филология факультети талабаси.