Кузги шудгор ва ўғитларни қўллаш
Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда кузги шудгор муҳим аҳамиятга эга. Кузги шудгор тупроқдаги органик қолдиқларни ўсимлик илдиз зонасидан чириб, гумус ва зарур озиқ-моддаларга айлантиришга имкон беради. Шу билан бирга бегона ўтлар уруғи, ер юзасида тўпланиб келган зараркунанда тухум ва личинкалари ҳамда касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни пастки чуқур қатламига тушиб, нобуд бўлиши ёки фаолсизланишига сабаб бўлади. Кузги шудгор тупроқ зичлиги ва қаттиқлигини ёқотиб, уни юмшоқ ҳолатга келтириб, куз, қиш ва баҳорги ёғингарчилик сувларини тупроққа яхши сингишини, уларни даладан оқиб-чиқиб кетмаслигини таъминлайди. Бу эса, тупроқни сув заҳирасига бойитади ва ўсув даврида суғоришга бўлган эҳтиёжни камайтиради.
Кузда асосий озуқа сифатида органик, фосфорли ва калийли оғитлар қўлланилади. Ушбу ўгитларнинг самараси кузги шудгор билан қўлланилганда энг юқори бўлади. Масалан, органик ўғитлар кузги шудгор ёрдамида тупроққа ҳайдаб ташланганда тупроқни 30-35 см. қалинликгача органик модда билан бойитиб, пастки тупроқ қатлами унумдорлиги оширилади. Бунда тупроқнинг чуқур қатламигача бир меёрда гумус ҳосил бўлиши ва озиқ-моддаларга бойиши кузатилади. Гўнг таркибида ўсимлик учун зарур бўлган барча макро ва микро элементлар мавжуд. Бу микроэлементлар дефисит бўлган бир пайтда муҳим аҳамиятга эга. Олимларнинг тадқиқотлари кўрсатишича фосфорли ўғитлар тупроққа тушган жойидан 0,5-1 см.дан катта масофаларга силжимайди. Бу эса фосфорли ўгитлар ва ўсимлик илдизларини контактда бўлишини таъминлашдан далолат беради, яъни фосфорли ўғитлар илдиз сўрувчи қисмда ёки ундан бироз пастроқда жойлашиши керак. Дала экинлари гуллаш ва мева ҳосил қилиш даврларида фософрни максимал даражада ўзлаштиради. Бу вақтда эса илдиз анча чуқур кириб борганда фосфорли ўғитларни қўллаб бўлмайди. Бу масалани фақат кузги шудгор билан фосфорли ўгитларни қўллаб ечимни топади. Худди шундай ҳолатни мевали дарахт ва узумзорларда ҳам кузатиш мумкин. Уларда кузги шудгорни 50-60 см.га ўтказиш мақсадга мувофиқ. Фосфор сақловчи ўғитларни ер юзасига сепиб қўйиш умуман мумкин эмас. Улар тупроққа керакли чуқурликда бўлиши лозим. Бунда фосфорли ўғитларни органик минераллар билан қўллаш самарадорликни сезиларли даражада оширади. Фосфор сақловчи ўғитлар ишқорий муҳитга эга бўлган корбанатли тупроқларга тушганда кимёвий реакциялар натижасида ўсимлик ўзлаштира олмайдиган шаклга, яъни бирикмаларга айланиб кетади ҳамда улардаги озиқ моддаларинининг ўсимлик томонидан ўзлаштирилиши 15-20 фоизини ташкил этади. Бу ўта салбий жараёндир. Буни камайтиришнинг йўли фосфор сақловчи ўғитларни органик моддалар билан хусусан, ярим чириган гўнг билан қўллашдир. Шу билан бирга фақат кузги шудгор билан қўлланилган органик ўғитлар гумус миқдорини сезиларли оширади. Биз бунга катта эътибор беришимиз керак.
Гумус бу тупроқ унумдорлигини ва хоссаларини белгилаб берувчи асосий модда ҳисобланади. Лекин, ҳозирги пайтда бутун дунёга, жумладан Ўзбекистонга ҳам тупроқларда гумус миқдорини мунтазам камайиб боришини кузатимоқда.
Бу асосан кузги шудгорни органик ўғитларсиз амалга оширилиши билан боғлиқ. Бу борада ғоза ва кузги буғдойдан кейин, шудгорлашдан олдин ғозапоя ва сомони майдалаб изидан чуқур шудгорланса юқори натижа беради. Органик ўғитлар етишмаётган бир пайтда ўсимлик қолдиқларини далани ўзида қолдириб шудгор қилиш муаммони ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди. Тўғри, бунда ўта касалланган далаларда касалланишни олдини олиш мақсадида бу тадбир тавсия этилмайди.
Кузги шудгор билан органик ўгитларни қўллаш, тупроқни органик моддага бойитиш, ерда сувни ушлаб туриш қобилятини, яъни дала намгарчилигини оширади. Бу эса ёғингарчилик сувларидан самарали фойдаланиш ва уларни исроф бўлмасликка олиб келади.
Калийли ўғитларнинг катта қисми ҳам кузги шудгор билан бирга қўлланилади. Бу эса ўсимликларни гуллаш ва мева тугуш даврида калий билан озиқланишини сезиларли равишда оптималлаштирилади.
Тўлқин Ортиқов
Самарқанд давлат университети
тупроқшунослик ва агротехнология кафедраси доценти,
Шавкат Акрамов олган сурат

