ВЕНГРИЯ ОЛИМЛАРИ САМАРҚАНДДА
Венгриянинг Лудовика давлат хизмати университети ректори Гергелй Дели бошчилигидаги делегация Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонларни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди. Учрашувда университетнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Аҳадов, Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институти директори Шоҳрух Жўрақулов, профессорлар Дилафруз Усманова, Шахноза Хушмуродова, доцент Икром Насимов иштирок этди. Томонлар ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий фан-техника ютуқлари асосида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, иқтисодиёт, бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат хизматини ривожлантириш соҳасида Лудовика давлат хизмати университети билан ҳамкорликда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, давлат хизматчиларининг Венгрияда стажировка ва қисқа муддатли малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Учрашув давомида Лудовика давлат хизмати университети ва Самарқанд давлат университети ўртасида таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, ёзги, қишки мактабларни ташкил қилиш, магистратура ва докторантура босқичларининг бир қатор таълим йўналишларида академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ва амалга ошириш ҳамда профессор-ўқитувчилар учун қисқа муддатли стажировкаларни ташкил этиш борасида фикрлашилди. Ташриф давомида меҳмонлар Самарқанд давлат университетининг илмий салоҳияти, халқаро ҳамкорлик, илмий лабораториялари ва музейлари фаолияти билан танишдилар.
Ташриф сўнггида меҳмонлар учрашув натижаларидан қониқиш ҳосил қилганликларини таъкидлаб, келажакда икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш истагини билдирдилар























