Табиатни севишгина эмас, уни сақлаб қолиш учун кураш ҳам ёзувчининг муқаддас бурчи ёхуд Пиримқул Қодировнинг “Олмос камар” романи ҳақида
Одатда, мен кайфиятимга қараб китоб танлайман. Баъзан классика, баъзан эса тарихий, баъзида эса ўта замонавий-модерн асарларнинг чанқоғи тутади. Бироқ, бу сафар ушбу китобни менга Янги йил арафасида курсдошим совға қилди. Совға баҳона китоб мутолаасига киришдим. Романларни узоқроқ муддат ўқирдим. Негадир, бу сафар ундай бўлмади. Асар сюжети қизиқлиги ва ўта тарбиялилиги, ишонарли фактларга бойлиги билан мени мафтун этган эди.
Асар ҳақида
Бу роман Пиримқул Қодировнинг энг машҳур асарлари сирасига киради. “Олмос камар” адабиётда кам учрайдиган экологик романлардан биридир. Асар 1983 йил СССР Ёзувчилар уюшмасининг мукофотига сазовор бўлган ва 1987 йил ветнам тилига таржима қилиниб, Ханоеда чоп этилган.
Сюжет
Асар табиатнинг гўзал тасвирлари билан бошланади. Бош қаҳрамон Аброрнинг ҳаёти яхши. Бир қизи ва бир ўгли бўлади. Касби архитектор бўлган бу образ ўз соҳаси бўйича яхши мутахассис, олим бўлади. Унинг курсдоши Шерзод ҳам архитектор, яхши лавозим эгаси эди. Бироқ, у Абрордан қайсидир маънода нафратланади. Сабаби, Аброр Шерзод талабалигида кўнгил берган қизи Вазирага уйланган эди. Шерзоднинг муҳаббатини Вазира рад этади. Шу туфайли Шерзод Аброр билан доим қарама-қаршиликларга учрайди. Аброр Тошкентнинг Бўзсув каналини тарихий қисмини сақлаб қолишни хоҳлайди, Шерзод эса барчасини бузиб, унинг ўрнига янги уйлар қуришни ёқлаб чиқади. Ва шу йўлда у Аброрни «маҳаллийчилик», «маддоҳлик», “эски урф-одатларга содиқ қадимчи” каби айблар билан айблайди. Аброрнинг аёли Вазира ҳам ҳатто бир муддат уни шундай деб ўйлайди. Шерзод ҳатто Аброрнинг аёлини ҳам йўлдан уриб, унинг оиласини бузишга ҳаракат қилади. Аммо, Аброр ўзининг ҳам, укасининг ҳам, қайниси Алибекнинг оиласини ҳам мустаҳкам сақлаб қолади. Асар охирида Шерзоднинг асл қиёфаси очилиб, ичи қоралиги ва манманлиги учун жазосини олади. Аброр эса ўзига хос ижобий ҳислатларга эга образ сифатида гавдаланади.
Таҳлил
"Олмос камар" тарихий роман. Романда бош қаҳрамонлар Аброр ва Шерзоднинг маънавият, касб, руҳият, шуурдаги курашларини, ҳаёт, оила, эл-юртга қарашлари ўртасидаги зиддиятларни кўрсатиш асосига қурилган. Аброрнинг турмуш ўртоғи Вазира ҳам зиёли аёл. Оилапарвар аёл бўлиш билан бирга, эл-юрт дарди билан яшайди. Бу йўлда қийинчиликларга, турли хушомадларга дуч келади. Бироқ, оиласи ва юртининг шаънини сақлаб қолади. Аброр ва Шерзод ҳам архитектор—янги шаҳар бунёд этувчи ва уни ободонлаштирувчи мутахассис. Лекин тарбияси, табиати, бурч ва масъулиятга муносабати, муҳаббатга, оилага қарашда фарқ кучли. Аброр элпарвар, адолатгўй, майдонларга кўрк беришда миллий удумларимиз, анъаналаримизга риоя қилиш тарафдори. Шерзод эса ишни ўзбошимчалик билан амалга оширишга мойил. Ёзувчи уларни мураккаб кечинмалар, изтироблар, адашишлар, тўғри йўлни топа олиш натижасидаги қувончлар ичида кўрсатади. Аброр Тошкентдаги Бўзсув анҳорининг жуда қадимий анҳорлардан бири эканлигини, уни тарихий қисмини сақлаб қолиш йўлида Шерзод билан қарама-қаршиликка учрайди. Бироқ, яхшилик ва ёмонлик билан курашда доимо эзгуликнинг қўли баланд келиши оқибатида унинг эзгу фикрлари амалга ошади. Асар билан танишган китобхон муаллиф атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш, шаҳарни кўкаламзорлаштириш масаласини биринчи ва асосий муаммо деб ҳисоблайди, шунинг учун"Олмос камар" экологик роман деган тушунча пайдо бўлиши мумкин. O.Sharafiddinovning ёзишича, Пиримқул Қодиров "бутун ижоди давомида она табиат куйчиси сифатида ҳам ko'rinadi... Пиримқул табиатни севишгина эмас, уни сақлаб қолиш учун кураш ёзувчининг муқаддас бурчи ҳам эканини tushundi... Пиримқул сўнгги романларидан бири "Олмос камар"ни ҳам шу масалага бағишлади". Умуман, маълум бир соҳани қамраб олган асар яратишда, айниқса у экология ва атроф-муҳит билан алоқадор асар бўлса, жуда катта илмий билимга ҳам эга бўлиш талаб этилади. Сюжет давомида экологияга оид шундай тушунчаларга дуч келасизки, уларни албатта, соҳа энциклопедиясидан ахтариб, маъносини чақишга тўғри келади. Бу, ёзувчининг бошқа соҳа вакили бўлишига қарамай, ўша тушунчаларнинг моҳиятини китобхонга етказиб беришдаги салоҳиятига боғлиқ. Пиримқул Қодиров, бу масъулиятни аъло даражада уддалаган. Сиз асарни ўқиш билан нафақат маънавий ҳордиқ, балки анча билимларга ҳам эга бўласиз. Миллий анъана ва удумларни замонавийлик билан уйғунлаштирган ҳолда яратилган санъат асраларининг бир қанча ғояси билан ҳам танишасиз. Аброр образида эса, анъана ва удумларга содиқ, ҳақиқий элпарвар фаол жамият аъзосини кўрасиз.
Хулоса
Роман инсонларни оила муқаддас ва маънавиятли қўрғон эканлиги, уни асраб авайлаш эса асосий бурч эканлигини кўрсатиб берган. Она табиатимизни ҳам ана шу оилани асрагандай асраш эса инсоний фазилатлардан биридир. Ўз соҳасининг устаси, диёнатли ва сабрли инсонларнинг образи ҳар бир китобхон учун тарбия воситаси бўлади, дея оламан. Зеро, ҳақиқат – букилади, эгилади аммо синмайди. Инсоннинг охирги дақиқагача ўзига ишониши, виждони олдидаги масъулияти ҳам комил инсон қиёасининг бир шаклидир.
Иқтибослар
- Яхши оила - одамни ичдан маҳкам тутиб турадиган бебаҳо бир камар. Яхши оилаларда ҳам одамни ичдан маҳкам тутиб турадиган маънавий фазилатлар Камари бўлади. Одам болалик йилларидан бошлаб ота-онасидан, маҳалла-кўйдан, бутун халқидан қандай яхши фазилатларни мерос олса, қандай яхши одатлару анаъанларни ўрганса, ҳаммаси олмос қирраларига ўхшаб, мана шу камарга йиғилиб боради.
- Авлодлар орасидаги меҳр-оқибат – олмос камарнинг энг йирик гавҳари.
- Кичик ойлик олиш, ҳатто камбағал бўлиш айб эмас, лекин маънавий жиҳатдан қашшоқ бўлиб яшаш – айб. Олмос камарни ҳеч ким совға қилмайди. Уни пулга олиб бўлмайди. Уни ҳар бир киши ўз кучи билан умр бўйи қалбида зарралаб тўплаб, маънавий бойлик қилиб йиғади.
- Эркнинг бўлгани яхши. Лекин шу эркнинг ҳаё деган бир чегараси бўлиши керак.
Мухлиса Жалилова,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси.

