“Юксалиш симфонияси” асари Янги Ўзбекистон ғояси меъмори, Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятига бағишланган муҳим публицистик китоблардан биридир. Асарда, аввало, инсон тақдирини ўзгартириш, жамиятни янгилаш, одамларга ишонч ва умид бағишлаш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилиш йўлида олиб борилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ёритилган. Китоб саҳифаларида сўнгги йилларда мамлакат ҳаётида рўй бераётган туб ўзгаришлар, янгиланиш жараёнлари публицистик руҳда таҳлил қилинади.

    Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёшлар мураббийси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, СамДУ фахрий профессори Абдусаид Кўчимовнинг “Юксалиш симфонияси” номли китоби тақдимот маросими ўтказилди.

    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов анжуманни олиб борди.

    Анжуманда “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари Бош муҳаррири, Сенатор Ҳусан Эрматов, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдош, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳусан Тўхтаев иштирок этди.

    - Мен “Юксалиш симфонияси” ни ўқиш давомида худди Президентимиз билан бирга, қадамма-қадам юргандек бўлдим, - дейди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов.  - Эътиборимни тортгани шу бўлдики, Президентимиз ҳудудларга ташрифларида асосан оддий халқ вакиллари билан учрашиб, уларнинг қалбига қулоқ тутиб, кўнглини сўраб, ҳар бир масалани жойида ўрганиб, мутассадилар эътиборини қаратади. Президентимиз ислоҳотлари миллат тақдирида туб бурилиш ясади.  Менинг назаримда, тарих учун қисқа бўлган, 10 йил ичида бунча ишни қилишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун инсоннинг юрагида Ватан бўлиши керак. У ватанини, ватандошларини чин юрагидан яхши кўриши керак. Биз самарқандликлар Шавкат Мирзиёевни бундай инсоний хислатларини яхши биламиз ва қадрлаймиз. Менинг назаримда, Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари кириб бормаган бирор қишлоқ, туман қолгани йўқ. Тақдирига таъсир қилмаган инсон ҳам бўлмаса керак. Президент ҳаттоки, муҳожирда юрган юртдошларимиз муаммоларига ҳам бефарқ қарамайди. “Юксалиш симфонияси” да таъкидланганидек, 10 йил давомида Ўзбекистон аграр давлатдан саноатлашган қудратли мамлакатга айланди. Дастлаб, мустабид тузум даврида, қолаверса, мустақиллигимизнинг 25 йилида биз қишлоқни саноатлаштира олмаган эдик. Бугун саноатлашмаган бирорта туман қолмади…