Флешбек

    Бадиий китобларга бўлган қизиқишим Самарқанд давлат университетига талабаликка тавсия этилганимдан сўнг, янада ошди. Шу сабабли, курсдош дўстимдан бадиий асар тавсия этишини сўрадим. У руҳиятимга мос равишда Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Сунбуланинг илк шанбаси” асарини тавсия қилди. Китоб менда жуда катта таассурот қолдирди.

    Асар ҳақида

    “Сунбуланинг илк шанбаси” қисса жанрида бўлиб, у Абдуқаюм Йўлдошев томонидан 1992 йилда ёзилган. Ушбу қисса Абдуқаюм Йўлдошевнинг "Ишқ афсунлари" номли қиссалар тўпламига киритилган. Ушбу қисса ёшлар орасида жуда оммалашган асарлар қаторидан ўрин олган.

    Сюжет

    Асар, Абқудаюм хонадошининг барча учун «ғалати» туйилган ҳаракатлари таърифи билан бошланади. Ҳамхонасининг ҳамманинг эътиборини тортадиган бундай ҳаракатларидан у кутилган шанба куни яқинлашаётганини тушуниб етар эди.

    Бир куни Абдуқаюмнинг хонадоши тинмай йўталиб, қаттиқ бетоб бўлиб қолади. Орадан бироз вақт ўтгач у ишга келмайди. Ҳамсояси унинг тунда аҳволи оғирлашиб, шифокорлар касалхонага олиб кетишганини айтади.

    Хонадошини шифохонага олиб кетишганининг 3-куни Абдуқаюм бемор ҳолидан хабар олиш учун боради.

    Ҳамхонаси уни шифохонадан олиб кетишини ёлвориб сўрайди. Лекин аҳволи яхши эмаслиги туфайли шифокор унга рухсат бермайди. Ўша тунда у деразадан қочмоқчи бўлади лекин, бу ишни эплолмай қаттиқ жароҳатланади. Натижада, қочиб кетмаслиги учун уни боғлаб қўйишади.

    Жума куни Абдуқаюм хонадошининг ёнига келади.

    Хонадоши  Абқудаюмга шанба кунги учрашувга унинг ўрнига боришини ва вазиятни тушунтиришини сўрайди.

    Абдуқаюм розилик билдиради. Хонадошидан Навоий театри ёнида жойлашган фавворалар атрофидаги, кумуш тусли устунлар ёнига бориши кераклигини билади. Аммо ким билан учрашиши кераклигини билишга келганда хонадоши фақатгина "Juda... Boshqacha...Suluv... Жуда..." деган жавобдан бошқа нарса айтолмайди.

    Абдуқаюм ака белгиланган жойга боради ва ўзига қараб келаётган бир нечта «Сулув» қизларнинг ёнига бориб, вазиятни тушунтиради.

    Шунда, кун охирроғида қўлида боласи бор бир аёлнинг ёнига бориб, унга ҳам

вазиятни тушунтиради. У «Азимжоним» дебми, «Измжоним» дебми шивирлайди аммо Абдуқаюм буни тушунолмайди.

    Эртаси куни Абдуқаюм ака хонадошининг ёнига келади ва кеча бўлган воқеаларни бирма-бир айтиб беради.

    Охирги аёл ҳақида айтиб берганда боласининг исмини эшитиб, у кутган аёл шу эканлигини тушунади ва барча сирларни айтиб beradi...

    Ҳамхонаси Абдуқаюмга энди у бора олмаслигини айтиб, бу йил ҳам  яна боришини илтимос қилади.

    Бу орада Абдуқаюм аканинг хонадоши вафот этади.

    Бироз вақтдан кейин ҳамхонаси айтган «Сулув» Абдуқаюм билан боғланади. Абдуқаюм унга хонадоши вафот этганини етказади.

    Бу йил Сунбуланинг илк шанбасида«Сулув» нинг ўрнига синглиси келиб опасининг оламдан ўтганини  айтади.

    Абдуқаюм бўлиб ўтган  ҳодисаларни  икки инсон муҳаббатига қилинган шавқатсизлик деб ҳисоблайди...

    Асар таҳлили

    Абдуқаюм Йўлдошевнинг "Сунбуланинг илк шанбаси" қиссаси синтиментализм  (Синтментализм - франс. "ҳис туйғу" )  асосига қурилган десак муболаға бўлмайди. Ушбу қисса азалий ва абадий муҳаббат мавзусида. Асар қаҳрамонларининг бир-бирига бўлган соф муҳаббати нафақат Абдуқаюмни балки, ушбу қиссани қўлига олган ҳар бир китобхонни ҳайратга солади.

    Ҳамхонасининг ўлим олди ҳолати инсонни бефарқ қолдирмайди. Хонадошининг бетоблиги туфайли Абдуқаюм унга қалбан яқинлашади. Бу ҳолатда биз ёзувчи асардаги Абдуқаюм образида чин  инсонийлик ҳислатларини акс эттиришга уринганини кўрамиз. Сулувнинг синглиси келтирган хатни очиб ўқишидан бош тортганида эса ўзбек халқига хос миллий андиша кўзга ташланади.

    Сулувнинг бошқа кишига турмушга чиққанига қарамасдан, ҳар йили  сунбуланинг илк шанбасида ваъдага вафо қилиб,  белгиланган жойга келиши, Абдуқаюм ака ҳамхонасининг эса севганига етиша олмаслигини билиб ҳам бошқа қизга уйланиш ҳаёлига ҳам келмаслигида, шунингдек, улар бир-бирлари билан гаплашмаса ҳам шунчаки бир кўриш билан чекланишларида  чегарасиз муҳаббатни кўришимиз мумкин.

    Бу вазиятда беихтиёр китобхон ҳаёлига ушбу  жумлалар келади: "Муҳаббатнинг шарти эмас етмоқлик, Муҳаббатнинг шарти жим термулмоқлик".

    Бундан ташқари, ҳамхонасининг вафотидан сўнг Абдуқаюм унинг хонасидан ижод маҳсули бўлган шеърларни топади. Ушбу шеърлар орасида

    "Яна тушларимга кириб келдими,

    Унутдим десамда унутмаганим.

    Яна ҳушларимга қутқу солдими,

    Кутмайман десамда доим кутганим" банди билан бошланувчи «шиғир» да унинг Сулувга бўлган муҳаббати авж олаётганини сезишимиз мумкин.

    Асарни ўқиш давомида китобхонда бир нечта саволлар туғилиши мумкин. Жумладан, Нега Сулув айнан «Измжоним» деди? Бу исмни уларнинг муносабатига қандай алоқаси бор? каби.

    Иқтибослар:

    1. “Эркак кишининг йиғисига гувоҳ бўлишдан оғирроқ вазият йўқ: на юпатишни биласан, на панд-насиҳатни, на do‘q-po‘psani...

    2. Дангасанинг эртаси тугамайди.

    3. ... буғдой ичида ўсган , ғаллакор меҳнати нелигини билган одам ҳеч қачон нонни тепмайди.

    4. ... кишига мавҳумликдан ёмони бўлмас экан.

    5. ... кўнгилнинг кўзи кўр, муҳаббат на ёш танлайди ва на husn...

    6. Вақт ҳолис замона фармонларига,

    Дилимни о"ртаган азоблар йитмас.

    Даво топгум дедим армонларимга,

    Етти йил етмади,

    Етмиш йил етмас.

    7. Уйдаги гап кўчага тўғри келмайди.

    8. ... ҳар бир одамнинг ўзи- сирли олам.

    9. Оилавий можарони қаламга олишдан оғири йўқ.

    10. Э, дунёи қўтир, нечун қайғуларинг бу қадар кўп, нечун шодликларинг бу қадар кам? ...”

     Хулоса

    Аввало, мен бадий адабиётга қизиқиши бўлган ҳар бир китобхонга ушбу асарни ўқишни тавсия қиламан.

    Асарда инсон қалбида мавжуд муҳаббат туйғуси жуда ҳам чиройли тарзда, ҳиссиётларга бой қилиб тасвирланган. Ушбу асарни ўқиган ҳар бир инсон, у неча ёшда бўлишидан қатъий назар ўзига керакли хулосани олади.

 

Баҳора Абдужалолова,

Самарқанд давлат университети

филология факультети талабаси