Мумтоз мунаққид...

          Самарқанд адабий муҳити тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Бу абадий адабий муҳит айниқса, темурийлар даврида янада гуллаб яшнайди. Жаҳоний аҳамиятга эга бўлади. Тасаввур қилиб кўринг,  қайси адабий муҳит ўз тасарруфига Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Заҳриддин Муҳаммад Бобурларни қамраб олади? Фақат ва фақат Самарқанд адабий муҳитининг мазкур даъвога маънавий ҳаққи бор, деб ўйлайман.

          ХХ асрнинг ўттизинчи-қирқинчи йилларига келиб, Самарқанд адабий муҳитида Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода, Садриддин Айний, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидовлар намоён бўлади. Номлари зикр этилган олиму адибларсиз эса йигирманчи аср ўзбек адабиётини ҳам адабиётшунослигини ҳам тасаввур этиб бўлмайди.

          Бу жараён ҳеч қачон сўнмаган, тўхтамаган балки, тараққий этган, ривожланган. ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб, Воҳид Абдулло, Орифжон Икромов, Нуриддин Шукуров, Ботирхон Валихўжаев, Ғайбулла ас-Салом, Барот Бойқобилов, Душан Файзий, Омон Матжон каби Самарқанд адабий муҳитининг дарғалари майдонга чиқди.

          Самарқанд адабий муҳитини даврлар билан қиёслаганимизда Ҳамид Олимжон ва Орифжон Икромовлар номини алоҳида фахр билан тилга оламиз. Ҳамид Олимжон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси ва бетакрор Ватан куйчиси сифатида халқимиз қалбидан муносиб ўрин олган бўлса, Орифжон Икромов ҳам шоир, ҳам олим, ҳам инсонийлик жиҳатлари билан минглаб қалбларни забт этган эди.

          Орифжон Икромов Самарқанд давлат университетида турли раҳбарлик лавозимларида, Қарши давлат университетида ректор, Самарқанд давлат педагогика институти асосчиси ва биринчи ректори лавозимларида фаолият кўрсатганди. У қисқа ва мазмунли умри давомида фақат эзгу ишлар қилди. Ўзидан яхши ном қолдирди.

          Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, Самарқанд давлат университети профессори Ҳотам Умуров Ҳамид Олимжоннинг жияни, Орифжон Икромовнинг укаси бўлади.

          Ҳотам Умуровнинг томирида қандай улуғ инсонларнинг қони оқаётганлигини англатиш учун ҳам фикримизни узоқдан бошлаган эдик.

          Самарқанд адабий муҳитида мана ярим асрдирки, Ҳотам Умуровнинг ўз ўрни бор. Олим нафақат Самарқанд балки, бутун Ўзбекистонда маълуму машҳур. Мени назаримда Ҳотам Умуров домладай кўп ва хўп китоб ёзган, чоп эттирган  бошқа олим бўлмаса керак. Домла бир умр тоғаси Ҳамид Олимжон ижодини тарғибот қилди. Унинг умр йўлдоши Зулфияхоним асарларини ўрганди, таҳлил қилди. Мана шу ўтган давр ичида ўз илмий-ижодий ишларини педагоклик соҳаси билан бирга олиб борди.

          Ҳотам Умуров ҳозирги замон ўзбек адабиёти фани ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган. Бу улушни бемалол учга бўлса бўлади. Биринчиси  олим яратган монографиялар, илмий тадқиқот ишлари, ўқув қўлланмалари, дарсликлар, мақолалар, бадий ижод намуналари; Иккинчиси домла илмий раҳбарлигида тайёрланган диссертациялар, шогирдлар, издошлар; Учинчиси  педагоглик фаолиятини ўз ичига олади.

          Ҳотам Умуров жуда зукко, ҳозиржавоб, тили аччиқ мунаққид сифатида ҳам алоҳида эътироф этилади. У катта ўзбек адабиётини тадқиқ этиш борасида ҳам кўпчилик олимларга ибрат мактабидир.  Домла жуда улуғ муаллимлар, ижодкорлар таълим-тарбиясини олган. Шундан бўлса керак, саводхонлик борасида ҳам таҳсинга лойиқ. У киши талабадан тортиб, домлагача она тилимиз қоидаларига қатъий амал қилишни талаб қилади. Бу борада ҳатто ўзига ҳам талабчан.

          Бадиий асарни таҳлил қилиш, фикр билдириш борасида ҳамманинг ўз даражаси бор албатта. Лекин ҳамма ҳам адабиёт назариясидай оғир ва мураккаб, сермашаққат соҳага қўл уришга жазм қилавермайди. Бу борада Фитрат ва Иззат Султондан сўнг Ҳотам Умуровнинг “Адабиёт назарияси” дарслигини яратгани адабий жараёнда ўзига хос воқеа бўлган эди.

          Бу ҳақда “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби академик Азиз Қаюмов шундай ёзганди: “2003 йил май ойида профессор Ҳотам Умуров Самарқанд давлат университетида менга ўзининг янги китобини тақдим этди.Тошкентга қайтгач, бу китобни диққат билан ўқиб чиқдим. У “Адабиёт назарияси” дарслигидир. Бу китоб менга мақбул бўлди. Унда адабиёт назариясига оид қоидалар жуда тўғри ва билимдонлик билан баён этилган. Ҳотам Умуров ўзи тушунтирган қоидаларни турмушда юз берган воқеалар билан боғлаб шарҳлайдики, уларни гўзал ҳикоялар каби қабул қилади китобхон”...

          Ҳотам Умуров ҳақида Ўзбекистон халқ шоири Зулфия, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Умарали Норматов, академик Бахтиёр Назаров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ва бошқа яна юзлаб таниқли инсонларнинг дил сўзлари, эътирофларини келтириш мумкин.

          Олим ҳамиша шогирдлар ардоғида. Профессор Шавкат Ҳасанов, филология фанлари докторлари Абдураҳим Солиев, Азмиддин Носиров, филология фанлари номзоди Акбар Нурматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари шоир Нодир Жонузоқ...бу рўйхатни яна узоқ давом эттирса бўлади.

          Биз дўстлари Ҳотам Умуровга кўп соҳа ва йўналишларда ҳавас қиламиз. У кишидан ўрганимиз. Ёшларимизга олимнинг ҳаёт ва ижод йўлини ўрнак қилиб кўрсатамиз. Исми-жисмига монанд Ҳотам Умуров жуда катта ҳаёт тажрибасига эга ҳасос олим. У бугунги адабий жараёнларга ҳам бефарқ эмас. Ҳамон ўқийди, изланади, ўз устида ишлайди. Умрнинг ҳар бир лаҳзасини қадрлайди. Унумли фойдаланади.Ёшларни ҳам шунга даъват этади. Аслида умр деганлари шу бўлса керак...

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Самарқанд давлат

университети профессори.