Уч ойда ёзиб тугатилган, нашр этилиши 62 йил кутилган асар

Флешбек
Ушбу асарни 2021 йилнинг июнь ойлари, айни сессия вақтида ўқиб чиққан эдим. Олдимда сессия, илмий китоблардан безган ва кўнгил айнан бир яхши асарга эҳтиёж сезган пайт эди. Ўқиш давомида кўпгина ўзбек адабиёти намуналарини ўқиганим учун жаҳон адабиётидан нимадир ўқигим келганди. Таниқли рус ёзувчиси Михаил Булгаковнинг “Итюрак” асари бунга айни муддао бўлди. Муқовасида ёзилган “3 ойда ёзиб тугатилган, нашр этилишини 62 йил кутган асар”, деган изоҳ ҳам менда асарга нисбатан янада қизиқиш уйғотганди.
Асар ҳақида
Бу қисса 1925 йил январь ойидан мартга қадар ёзилган. 1926 йил Булгаковга бўлган тинтув давомида асар қўлёзмаси тортиб олинган. 1960 йилларда асар самиздат (адабий асарларнинг норазмий ва цензурасиз ишлаб чиқариш усуллари) сифатида тарқалган. 1967 йили Булгаковнинг беваси Й.С.Булгакованинг ҳаракати туфайли асарнинг нусхаси Ғарбга бериб юборилган ва 1968 йилда Франкфуртдаги “Грани” ва Алек Флегоннинг Лондондаги “Студент” номли рус журналларида чоп этилган. 1987 йилдагина Россиядаги “Знамя” журнали ўз саҳифаларига босишга журъат этди. Хуллас, Булгаковнинг “Итюрак” асари 62 йилдан сўнггина босилиб чиқди.
Сюжет
Совуқ қиш кунларининг бирида Шарик лақабли ит оч қолган ва совқотган аҳволда Москва кўчаларида бирон сахий одам излаб дайдиб юрарди. Бахтига Филип Филипович исмли меҳрибон киши учради ва уни ўз уйига таклиф этди. Бу меҳрибон жанобнинг уйида кийимидан ёқимли ҳид келиб турадиган қиз (Зинаида Прокофевна) ни, ошпаз аёл Даря Петровнани, профессорнинг шогирди Иван Арнолдович Борментални учратади. Ит бошда профессорга нима учун кераклигини тушунмайди, гўёки ўзини аслзода итлар наслидан деб ўйлайди. Филип Филипович Преображинский (қобилиятли жарроҳ)нинг асл мақсади кейин намоён бўлади. У шогирди Иван Арнолдович билан бечора Шарик устида операция ўтказишади, яъни инсон гипофизини итга кўчириб инсонни ёшартириш йўлидаги тадқиқотини синаб кўришмоқчи эди. Афсуски, бу бутунлай акс натижа беради. Қандайдир мўжиза сабаблими, ёки итнинг жони қаттиқлигиданми, Шарик тирик қолади ва аста-секин одамга айлана бошлайди.
Итнинг одамга айланиши тўғрисидаги воқеалар Борменталнинг кундалиги орқали ёритила бошлайди. Операциядан омон қолган ит аста-секин одамлик қобилиятларини намоён қила бошлайди: юнглари тўкилади, икки оёқда юради, кўп сўзларни талаффуз эта бошлайди. Итнинг одамга айлангани кўпгина кишиларни қизиқтира бошлайди. Лекин профессор қилган ишидан мамнун эмас эди.
Бу орада ит коммунист Швондер таъсирига тушиб қолади ва Швондер уни Филип Филипович ва Иван Арнолдович мисолида буржуа зулмидан азоб чекаётган пролетар эканига ишонтиради.
Уй хўжалиги комиссияси раиси бўлган Швондер Шарикга иш бериб, Филип Филиповичдан унга исм берилишини талаб қилади ва Полиграф Полиграфович Шариков деган номни олдиради. Шариков бу орада профессор ва Борментални ҳақоратлашни, уйдаги аёлларнинг тинчини бузишни, уйдаги нарсаларни ўғирлашни бошлайди.
Охир-оқибат Шариков профессор устидан ёзади, шунда Филип Филипович ва Борментал унга уйдан чиқишини талаб қилади, бироқ “ўз ҳуқуқларини англаб олган” Шариков буни қатъиян рад этиб, уларга тўппонча билан таҳдид қилади. Шундан сўнг, тоқати тоқ бўлган профессор энди уни қайта операция қилиб, яна ўзининг ит ҳолига қайтаради.
Таҳлил
Михаил Булгаковнинг “Итюрак” (“Собачье сердце”) асари менда бошқача таассурот қолдирди. Биринчидан, бу асарда ит образи орқали инсонларга хос бўлган айрим нопок хусусиятлар очиб берилганидир. Шарик – дайди ва фақат қорнини тўйдиришни ўйлайдиган беозор ит, инсонга айлангач батамом ўзгаради: ҳақоратлашни, заифларга озор беришни, одамлар устидан иғво қилишни ўрганади. Ваҳоланки, у ит бўлганида булар ҳатто хаёлига ҳам келмас эди. Булгаков бу орқали асл зарар ҳайвонлардан эмас, балки разил инсонлардан келишини кўрсатиб беради.
Иккинчидан, асарда Россиядаги 1920-йиллардаги тузумни очиб беришга хизмат қилган. Швондер образи бунинг яққол намунасидир. У ўзини фаол коммунист деб билади ва бошқаларга ҳам худди шу ғояни сингдирмоқчи бўлади. Профессорга ҳасад қилгани учун ҳам Шариковни профессорга қарши гиж-гижлайди. Ваҳоланки, ўзи тарбия қилган Шариков асар сўнггида итга айланиб қолади. Бу билан ёзувчи гўёки Шариковдек инсонларнинг қисмати шундай тугайди, демоқчи бўлади.
Асардаги Филип Филипович образини ҳам оқлаш керак эмас. У барибир беозор итда бундай операцияни синаб кўришини тўғри деб бўлмайди. Бироқ, у бу операция орқали одамларга ёрдам бермоқчи эди. Назаримда, бу образдан ҳар бир ишнинг оқибатини яхшилаб билган ҳолда қилиш керак, деган хулоса чиқади.
Шариков одам бўлишга қанчалик уринса-да, барибир итлигича қолди. Унинг мияси инсонники бўлгани билан юраги итники бўлгани учун одам бўла олмади. Яхши ва ёмонни фарқлай олмади. Унинг содда ит юраги нопок фикрли кимсаларга осонгина алданди.
Хулоса
Асар ёзилганига салкам 100 йил бўлган бўлса-да, ҳалигача бугунги кунга долзарблигини йўқотмаган. Ундаги персонажлар ҳозир ҳам жамиятимизда учрайди. Шариковга ўхшаган ит юракли; ўз фикрига эга бўлмаган, шу сабабли ҳар қандай инсон таъсирига тушиб қоладиган кимсалар йўқ эмас. Шу боис, биз ёшлар огоҳ бўлишимиз, мана шундай киши бўлиб қолишдан сақланишимиз лозим.
“Итюрак” асарини барча мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган ёшларга тавсия қилар эдим. Зеро, асар уларга керакли фикр ва маънавий озуқани бера олади.
Иқтибослар
- Аммо кўзлар... Бу шундай нарсаки, узоқдан ҳам, яқиндан ҳам ўзгармайди, адаштира олмайсан. Худди барометрга ўхшайди улар. Кўзга қараб, одамнинг қалбида нималар кечаётганини билиш мумкин, ҳаммасини пайқаса бўлади: кимнинг қалби Саҳройи Кабир сингари бўм-бўш, кимдир ҳеч нимадан-ҳеч нима йўқ этиги билан қовурғангга нуқиб қолади, баъзи бировлар эса ўзларидан-ўзлари «пирр» этган нарсадан қўрқиб юришади.
- Вайронагарчилик ҳожатхонада эмас, каллаларда юз беради. Шунинг учун йўғон овозли бу ашулабозлар «вайронагарчилик йўқолсин!», деб қичқирганларида, менинг кулгим қистайди. (Филип Филиповичнинг юзи шундай буришиб кетдики, оёғи тишланган кимсанинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди). Ўлай агар, жудаям кулгили... Демак, улар ўзларининг бўйинларини мўлжаллаб уришга даъват қилишяпти, шундай эмасми? Уриб-уриб, мияларидан ҳар хил хомхаёлларни чиқариб ташлашса, тўғридан тўғри оғилхоналарни тозалаш, яъни ўз вазифаларини бажариш билан шуғулланишса, ҳаммаси жой-жойига тушарди-қўярди. Икки худога сиғиниб бўлмаганидек, бир вақтнинг ўзида ҳам трамвай йўлини супуриш, ҳам қандайдир испан ялангоёқларининг тақдирини ҳал этиш мумкин эмас. Бу ҳеч кимнинг қўлидан келмайди, доктор, айниқса, Европаликлар тараққиётидан 200 йил орқада қолиб кетган ва ҳанузгача ўз иштонининг тугмасини айтарли ишонч билан қадай олмайдиган одамлар учун бу мумкин бўлмаган иш.
Одам ҳеч қаёққа шошилмаса, ҳамма нарсага улгуради.
Қизиқарли фактлар
- Ҳикоя давомида профессор Преображенский тинимсиз “Севилядан Гренадагача... Тунларнинг сокин қўйнида” қўшиғини куйлайди. Бу сатр Чайковскийнинг "Дон Жуан серенадаси" романсидан олинган бўлиб, унинг мисралари А. К. Толстойнинг "Дон Хуан" ше'ридан олинган.
- Эҳтимол, профессор Преображенскийнинг прототипи муаллифнинг тоғаси, онасининг укаси, гинеколог Николай Михайлович Покровский эди. Унинг квартираси Филип Филиповичнинг квартирасининг тавсифи билан батафсил мос келади ва қўшимча равишда унинг ити бор эди. Бу фикрни Булгаковнинг биринчи рафиқаси Т.Н.Лаппа ҳам ўз хотираларида тасдиқлайди. Профессор Преображенский беморларининг прототиплари ёзувчининг танишлари ва ўша даврнинг таниқли жамоат арбоблари эди. Аммо бошқа фаразлар ҳам мавжуд.
- Тиббий амалиётда жарроҳ Серж Воронов "маймун безлари"ни кўчириб ўтказишни ривожлантиришга ҳаракат қилди. Воронов усули 1920 йилларда анча мода эди . Шоир Эдвард Астлин Каммингс "миллионерларга маймун безларини жойлаштирган машҳур шифокорни" мақтаган, чикаголик жарроҳ Макс Торек "тиббий элитанинг бошқа оддий йиғинлари каби дабдабали зиёфатлар ва зиёфатлар пичир-пичирларга тўлганини" эслайди. Журналист Татяна Батенева "Известия" газетаси саҳифаларида Михаил Булгаковнинг "Итюрак" (1925) асарининг қаҳрамонининг прототипи Воронов бўлиши мумкин, деб тахмин қилган. Чунки профессор Преображенский ҳам "ёшартириш" бўйича профессионал амалиётчи, маймун тухумдонларини бадавлат мижозларга кўчириб ўтказиш бўйича ишларни амалга оширган.
- Профессор Преображенский шикоят қилган ва Швондер бошқарган уйқўмиталари инқилобдан кейин ҳақиқатан ҳам жуда ёмон ишлагандилар. Мисол тариқасида, 1918 йил 14 октябрдаги Кремл аҳолисига йўриқномани келтира оламиз: “Уй қўмиталари қонун билан ўз зиммасига юкланган вазифаларни умуман бажармаяпти: ҳовли ва майдонлар, уйлар, зинапоялар, коридорлар ва хонадонлардаги ифлослик даҳшатли. Квартираларнинг чиқиндилари бир неча ҳафта давомида олиб ташланмайди, у зинапояда туриб, инфектсияни тарқатади. Нарвонлар нафақат ювилмайди, балки супурилмайди ҳам. Ҳовлиларда ҳафталаб гўнг, ахлат, ўлик мушук ва итларнинг жасадлари ётибди. Йўқолган мушуклар инфектсиянинг доимий ташувчиси бўлиб, ҳамма жойда юришади. Шаҳарда Кремлга кириб келган ва аллақачон ўлимга сабаб бўлган "испан" касаллиги бор... "
- Абирвалг (Абырвалг) - Шарикнинг итдан одамга айланганидан кейин айтган иккинчи сўзи - тескари "Главрйба"( Главрыба) сўзи - 1922-24 йилларда озиқ-овқат халқ комиссарлиги қошидаги балиқчилик ва давлат балиқ саноати Бош бошқармасининг номидир. РСФСР балиқ овлаш жойларини бошқарувчи асосий хўжалик органи. Худди шундай тузилган биринчи сўз "абир" (абыр) "балиқ"сўзидан олинган эди. Шарик бу сўзни тескари тартибда талаффуз қилди, чунки у ит сифатида ўнгдан чапга ўқирди.
- “Агата Кристи”номидаги рок гуруҳи Шарикнинг сўзларига асосланган “Собачье сердце” номли қўшиқ ёзган.
Машҳура Камолова,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси.