Самарқанд давлат университети доцентининг монографияси Германияда чоп этилди…
Самарқанд давлат университети филология факультети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти Светлана Умированинг “Поетик матнда параллелизмни қўллашнинг просодик ва композицион принсиплари” номли монографияси Германиянинг Ламберт нашриётида чоп этилди.
Жаҳон тилшунослигида матн лингвистикаси, жумладан, унинг олий босқичи бўлган лингвопоетик тадқиқотлар замонавий таҳлил методларига таянилган ҳолда олиб борилмоқда. Унинг стилистика ва адабиётшунослик соҳалари билан муштарак жиҳатлари чуқур ўрганилмоқда. Чунки у фонетик, лексик ва грамматик сатҳлардаги бирликларга бадиий адабиёт тили ва ижодкор индивидуал услуби шаклланишининг асосий воситаси деб қарайди ҳамда уларнинг энг намунавий ва характерли жиҳатларини таҳлил қилади.
Мустақиллик йилларида ўзбек бадиий матнини ўрганишга оид тадқиқотларда инсон бадиий-эстетик оламини тил ва нутқ диалектикаси, тил ва услуб позитсиясида туриб таҳлил этилганлиги ўзбек тилининг ниҳоятда бой тасвирий воситаларини янада ёрқинроқ англашимиз ва ўзлаштиришимизга шароит яратади. Шу маънода «Поетик матнда параллелизмни қўллашнинг просодик ва композицион принсиплари» деб номланган ушбу монографияда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ижоди намуналарини лингвопоетик нуқтаи назардан таҳлил этиш мисолида поетик индивидуалликнинг бадиий мушоҳада жараёнига кўрсатадиган таъсири ва она тилимизни бойитиш йўллари тадқиқ этилган. Шунингдек, бу бетакрор шоирнинг халқимиз бадиий-эстетик тафаккури ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ёритилган. Усмон Азим шеърияти матни лингвопоетик таҳлилида унинг ижодига хос бўлган индивидуал жиҳатлар асосланган, поетик синтактик элементларнинг фунционал-стилистик ўзига хосликлари ҳамда ўзбек тилидаги гап қурилишининг анъанавий тамойилларидан кўра ижодкор индивидуал услубига хос бўлган структурал ўзгаришлари далилланган. Усмон Азим поетик тафаккури ва индивидуал манерасини белгилайдиган, адабий тил меъёри учун ғайриодатий бўлган синтактик қурилмаларнинг мантиқий ва грамматик алоқаси, гапда, фразада, умуман матнда сўзларнинг, синтактик қурилмаларнинг ғайриодатий ўринлашиши исботланган. Шоир шеъриятининг ритмик синтаксиси ва риторикасини вужудга келтирган стилистик фигуралар ўзбек халқ достончилигида мавжуд бўлган оҳанг, баён усули билан таққосланиб, ижодкорнинг индивидуал услуби очиб берилган.
- Ушбу монография ўзбек тилшунослигида шоир, ёзувчилар асарлари тили ва услубини лингвопоетик усулда ўрганишнинг аниқ йўлларини кўрсатиб беришга кўмаклашади, – дейди доцент Светлана Умирова. - Тадқиқот натижаларидан адабиёт ва тил таълими жараёнида, ўзбек тилшунослигининг услубшунослик, нутқ маданияти, бадиий матннинг лингвистик таҳлили ва бошқа соҳаларига оид танлов фанларни ташкил этишда ва амалий машғулотлар учун ўқув қўлланмалари ва материалларини яратишда фойдаланиш мумкин. Мазкур монография ўзбек поетик нутқи фондининг таркибий қисми саналадиган Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим шеърияти матнининг лингвопоетик таҳлили тадқиқига бағишланган. Шоир шеърий асарлари тилини лингвопоетик таҳлил этиш орқали унинг индивидуал ижодий манерасига хос хусусиятлари, ижодкор поетик асарлари матнида параллелизмнинг қўлланилиши, унинг просодик ва композицион принсиплари, тил элементларининг услубий имкониятлари ёритилган.
Ушбу тадқиқотдан лингвопоетика соҳаси билан қизиқувчилар, филолог магистрант ва бакалаврлар фойдаланишлари мумкин.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими

