Бугунги кунда дунё мевачилигида хусусан унаби кўчатларини етиштириш, боғларини барпо қилиш ва ялпи ҳосил миқдорини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, дунё бўйича ҳозирги кунга келиб, субтропик мева гуруҳига кирувчи унабининг жами барпо этилган боғ майдони 410 минг гектар бўлиб, ялпи ҳосил 7,5 млн. тоннани ташкил қилади. Унаби Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Афғонистон, Покистон, АҚШ ва Россия каби давлатларда катта миқдорда етиштирилади. Хитойда интенсив типдаги унаби боғлари қарийб 200 минг гектардан ортиқ майдонда барпо қилинган. Унаби меваларини етиштириш озиқ-овқат хавфсизлиги глобаллашиб бораётган бугунги кунда ҳосилдорликни ошириш ва сифатли ҳосил олиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

    Чилонжийда меваси таркибида ўртача 25-32 %, қуритилганда 63,8 % гача шакар, 2,6- 3,4 % оқсил, 3,7 % гача мой, 10 % гача таннид моддаси, 250-1300 мг % гача C витамини, калий, магний ва пектин моддалари мавжуд.

    Тиббиётда шамоллашга қарши, иммунитетни оширувчи, қонни суюлтирувчи, нерв системасини тинчлантирувчи, юрак томир касалликлари, айниқса қон босимига қарши ва қон таркибидаги холестерин моддасини камайтириш учун фойдаланалилади. Унаби мевасинидаги витаминлар миқдори лимон ва апелсинга қараганда 10-15 баробар кўпдир.  Бу  дориворлик хусусияти, балки мевали ўсимлик сифатида ҳам алоҳида эътиборга молик. Шу сабаб кўпгина давлатларда унинг йирик мевали серҳосил навлари яратилган.

    Бундан ташқари, унаби дарахти қурғоқчиликка, иссиқ, совуқ, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлиб, узоқ умр (300 йилгача) кўради. Тэз ҳосилга киради, ҳар йили муттасил яхши ҳосил беради. Тупроқ типи ва релефга унчалик талабчан эмас. Унабининг меваси йирик, хушбўй ва мазали. Унинг озиқ-овқат саноатидаги аҳамияти катта. Йирик мевали навлари фақат озиқ-овқат саноатида ишлатиш мақсадида етиштирилади ва махсус плантасияларда ўстирилади. Шу мақсадда Ўзбекистон шароитида унабининг бир қанча йирик мевали навлари ўрганилиб ва кенг миқёсда ўстириш тавсия этилган.

    Олимларимиз олиб бораётган тадқиқотларида унаби уруғларининг унувчанлигини ошириш, сифатли кўчатларни тезкор етиштириш, мўл ва сифатли ҳосил олиш агротехник элементларини такомиллаштириш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Бу масалаларни ҳал этиш эса республикада ушбу қимматли мева боғларини барпо қилиш учун тезкор кўчат етиштириш, унаби боғларининг ҳосилдорлиги, мева сифати ҳамда ишлаб чиқиш самарадорлигини ошириш имконини беради.

    Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети, агрокимё ва ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедраси қишлоқ хўжалиги фалсафа фанлари доктори (PhD) Лола Холмирзаева айнан ушбу ўсимликни ўрганиб, илмий тадқиқотлар олиб борган.

    - Унаби мевасининг таъми ёқимли, у қурутилган ва қуритилмаган ҳолда истеъмол қилинади. Унаби меваси терилгандан сўнг соя ерда қуритилади ва шу холатда сақланади ва истеъмол қилинади, - дейди Лола Холмирзаева.  - Айниқса, унаби мевасидан қандолатчиликда ва консерва саноатида кенг фойдаланилади. Мевасидан шарбат, мураббо, ичимликлар ва консервалар ва ширинликлар тайёрлашда фойдаланилади. Унабининг асосий дориворлиги таркибида кўп миқдорда рутин моддаси мавжуд. Мевасида рутин моддасининг мавжудлиги туфайли у гипертония касаллигига чалинган инсонлар учун қимматли ҳисобланади. Бу дарахат асосан Ўзбекистоннинг тоғолди ҳудудларида ўсади. Унаби тўрт-беш йилдан бошлаб ҳосил бера бошлайди. Ўттиз-қирқ ёшдан бошлаб серҳосил дарахтга айланади, ҳар йили мева солади. Олти-етти ёшли дарахтлар 18-20, ўн беш-йигирма ёшлилари эса, 50 килограмгача ҳосил беради.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими

Шавкат Акрамов олган сурат