Қўшработлик ўқувчилар Самарқанд давлат университетида
Қўшработ туманидаги 75, 77, 81 ва 82-умумтаълим мактабларининг биология фан тўгарагига аъзо иқтидорли ўқувчилари учун Самарқанд давлат университетига саёҳат уюштирилди. Ўқувчилар университетнинг илмий салоҳияти, замонавий лабораториялари ҳамда биология ва биокимё йўналишида олиб борилаётган тадқиқотлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Ёшларни Самарқанд давлат университети Биокимё институти фаолияти билан таниқли олим, Жаҳон физиологлар жамияти академиги, Рим университети ҳамда Самарқанд давлат университети профессори Бакриддин Зарипов таништирди. У СамДУда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, замонавий ускуналар имкониятлари ҳамда биология фанининг бугунги кундаги долзарб йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Экскурсия давомида ўқувчилар Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Зоология музейи билан танишиб, унда сақланаётган ноёб ҳайвонот дунёси намуналарини кўздан кечирдилар. Шунингдек, улар илмий тажрибалар ўтказиладиган виварий лабораторияси фаолияти билан танишиб, лаборатория шароитида олиб бориладиган тадқиқотлар жараёни ҳақида тасаввурга эга бўлдилар.
Бундан ташқари, ёшлар Нобель мукофоти лауреати, машҳур биокимёгар Азиз Санжар номидаги замонавий лабораторияда бўлдилар. Университет ҳудудида жойлашган оранжерея ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда турли иқлим шароитига мос ўсимликлар парвариш қилиниб, илмий ва амалий тадқиқотлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Мазкур тадбир Самарқанд давлат университети ҳамда Қўшработ туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Саёҳатдан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни илмий изланишларга жалб этиш ҳамда келажакда биология ва биокимё соҳаларида етук мутахассислар бўлиб етишишларига рағбатлантиришдан иборат.








Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.

