- Бахт шундай нарсаки, борлигида уни киши сезмайди, йўқлигида орзу қилади. Бахтли одам «мен бахтлиман» деб оламга жар солмайди. Инсон ҳеч қачон бахтга тўйган, бахтим етарли, деган эмас.

- Аслида, ҳаётда бирор мақсад билан яшашнинг ўзи — бахт. Мақсадсиз яшаш шундай кўргиликки, у ҳеч кимнинг бошига тушмасин! Кишида мақсад бўлса, унга эришиш йўлида курашиш, машаққат чекиш, таъна-дашномлар эшитиб, куйиб-ёниб юриш ҳам — бахт.

- Ижодкор нафас оладиган ҳаво – адабий муҳитдир. Бу ҳаво тоза, мусаффо бўлмоғи керак.

- Танқидчи душман орттираман, деб қўрқса ёки ундаги адолат туйғусидан шафқат туйғуси устун келса, адабий муҳитда ҳеч қачон адолат бўлмайди.

- Бу оламда йўқотишлар ичидаги энг оғир йўқотиш инсоннинг ўзлигини йўқотишидир. Одамзод тафаккур ва эҳтирос, руҳият ва имон дунёсида яшайди. У юрагидаги эътиқод билан, ишонч билан тирик ва бутун. Ўзликни йўқотмоқ ана шу оламдан жудо бўлмоқдир, инсон иморатидаги рукнларнинг — устунларнинг синмоғидир.

 

Эркин Воҳидов