Ҳайитлик
Пайшанба куни Соҳибага ҳайитлик келди. Мавжуда ая қуда тарафни яхшигина сийлаб жўнатди. Эртаси эрталабданоқ келини билан ҳолва бўлишга киришди. “Ҳолва бўлиш” шундай нарсаки, оддий елимхалталарга ҳайитликка келган ҳолвалардан, ширинликлардан уч-тўрт бўлакдан солиниб чиқилади-да, қўни-қўшни, қавм-қариндошларга тарқатилади. Биронта таниш қолиб кетмайди. Кам-камдан бўлса-да улашилади. Чунки, гап миқдорда эмас, ниятда. Ҳайитликни еган одам борки, ният қилади. Ёш қиз бўлса ўз бахтини тилайди, она бўлса қизига, ёхуд келинига бахт сўрайди. Ёш болалар еса хурсанд бўлади. Ҳайитлик тарқатиш яхши нарса. Унинг баҳонасида йил давомида кўришмаган опа-сингиллар, ёр-биродарлар кўришади, дийдорлашади. Мавжуда ая ҳам ҳайитлик тарқатишнинг шу томонини яхши кўради. Шу сабабдан ишни кечиктирмасдан эрталабдан бошлади. Бунинг устига Соҳиба биринчи невараси.
Ая дастлаб ҳайитликни невараси Рауфжон билан уйма-уй кирибқўшниларга тарқатиб келди. Узоқроқдаги қариндошларникини ўғли олиб кетди. Яна бир иккиталарини келини ўзи билан олиб кетди. Соҳибанинг ўзи ҳам уч-тўрт дугонасига берди. Охирида фақат аянинг шаҳарда яшайдиган ўғли билан қизига аталган ҳайитлик қолди. Мавжуда ая уларни ўзи олиб бормоқчи. Баҳонада невараларини кўради, ҳаво алмаштириб қайтади. Ўғлининг “Дам олиш кунигача сабр қилсангиз биргалашиб бориб келардик” дейишига қарамасдан, унамади. Йўқ, айнан шанба куни бориш керак. Ҳафта охирида иш кам бўлади, бунинг устига...ўша куни аянинг туғилган куни. Ая бир неча йиллардан бери туғилган кунини нишонламаса-да, бу йилгисини бошқача кутяпти. Чунки, бу йил пайғамбар ёшига етяпти. Шу муносабат билан таниш-билишларга кичикроқ қилиб йиғинча қилиб бериш ниятида уларга маслаҳат солиб кўрмоқчи. Тўнғич ўғил Рустамжонга айтай деса, ўғлининг ишлари унчалик ўхшамай турибди. Камига кузда тўй бошлаб қўйган. Соҳибани узатиш керак. Қисқаси, унинг ташвиши ўзига етарли. Умид Ўктамжондан. Ўктамжон кенжаси, шаҳарда яшайди.
Мавжуда ая Ўктамжонникига кириб келганда қуёш одам бўйи кўтарилган, ҳавонинг тафти ҳам анчайин баланд эди. Ҳашамдор ҳовлини гир айлантириб қурилган иморат ҳовлига соя солиб турар, текис қирқилган майсалар, тувакда ундирилган гуллар ҳовлини саришта ва тартибли кўрсатса-да кўрган одамга аллақандай давлат идорасинингми, ёки меҳмонхонанингми ҳовлисини эслатарди. Мавжуда ая уй ичкарисига кирди ҳамки, ҳеч ким кўринмади. Ая остонада тўхтади.
– Но-зи-маа.
Ҳеч ким жавоб бермади.
– Нозима-ю.
Ичкаридан аввал каравотнинг ғирчилагани, кейин оёқ дупурлари эшитилди. Сал ўтиб, йўлак бошида келини кўринди.
– Вой, ассалому алайкум, ойижон - деди у қўлидаги рўмолини шошганча бошига ўраркан.
Ая келини билан кўришиб, унинг қистовида ичкарига кирди. Мафтунахон тезда дастурхон тузатишга киришди.
– Буни қаран-га, ойи. Ўғлингизни тонг саҳарда ишга кузатганимча шу билан кўзим кетиб қолибди. Бугун бизга дам олиш куни. Шунга бемалол бўлибман-да.
– Ҳа, майли. Ҳижолат бўлманг, келин. Бўп туради. - деди ая.
Ошхона бироз бетартиб эди. Сочиқлар солинган шкафнинг эшиги очилиб, ичидаги сочиқлар бетартиб осилиб ётар, газплита устидаги қозон ичида чўмичи билан қолдирилганди. Стол устида чойнак, ичида чой қолдиғи қотиб қолган иккита пиёла тонг саҳарда чой дамланмаганини ошкор этганча шумшайиб турарди. Мафтунахон апил-тапил чой дамлади, дастурхонни турли ширинликларга тўлдириб ташлади. Неваралар ҳам бирин-кетин кўзини ишқалай-ишқалай кириб келишди. Мавжуда ая невараларини кўриб, кўнгли очилди.
(давоми бор...)
Ирода Бекмурадова,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси.

