Кўз куладими?... Ёҳуд юздаги ёлғон аломатлари

Ахборотнинг атиги 7 фоизи сўзлар, 30 фоиз эса овоз оҳанги ва 60 фоиздан ортиғи қарашлар, имо-ишоралар, мимика, жест ва бошқалар орқали берилади.
Суҳбатлашаётган шахсни психологлар томонидан тўғри тушуниш учун айтилаётган фикрни сўзлар, нутқ, пантомимика ва мулоқот «кузатувчилари» билан чамбарчас боғлиқ равишда баҳолаб, ўз идрокимизни муайян тугалликгача етказиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Инсонлар ўз қалбидаги ҳис-туйғуларини одатда:
– конвенсиал тарзда (муайян мулоқот муҳитида стандарт сифатида қабул қилинган усул орқали);
– дабдурустдан (беихтиёр) ифодалайдилар.
Суҳбатдош берилаётган хабарга ўз муносабатини билдириб қўймасликка интилаётганида ҳаммаси оддий конвенсиал новербал белгилар билан чекланиши мумкин. Бу белгилар баъзан ҳақиқий, аммо кўпинча, чалғитувчи бўлади.
Профилактик суҳбат давомида одамлар аксарият ҳолларида ўз сўзларини чамалайдилар ва мимикаларини назорат қиладилар. Бироқ инсон бир вақтнинг ўзида ичида туғилаётган барча реакцияларнинг кўпи билан 2–3 тасини назорат қила олади. Бундай «ахборотнинг чиқиб кетиши» туфайли, тегишли билим ва тажриба ёрдамида шахснинг яширишни афзал билган ҳис-туйғулари ва интилишларини аниқлаш имкони мавжуд бўлади.
Кишиларда беихтиёр юзага келадиган реакциялар ниҳоятда индивидуал бўлиб, суҳбатдошни жуда яхши билган тақдирдагина уқиб олиш мумкин. Бу жиҳатни тушунмаслик бошқа бировни билишда муқаррар ўзини ўзи алдашга олиб келиши мумкин.
Шахсий экспрессияни баҳолаганда нафақат туғма фарқлар, балки анъаналар, тарбия, муҳит ва умумий ҳаётий маданиятнинг таъсири ҳам инобатга олинади.
Эркакларнинг ҳис-туйғуларига қараганда аёлларники аниқроқ намоён бўлгани боис, уларни аниқлаш осонроқ кечади, аммо ҳар доим ҳам эмас.
Бирор инсоннинг қалбида юзага келаётган кечинмалар унинг қиёфасида ва ҳаракатларида муайян тарзда кўринади. Профилактика инспектори бундай жиҳатларга алоҳида, яъни малакали тарзда ёндашиши мақсадга мувофиқдир. Бунинг қандай юз бериш жараёнини батафсилроқ кўриб чиқамиз.
Юз мимикаси (ифодаси). Инсон ҳис қилаётган туйғулар таъсирида юздаги турли қисмларнинг мувофиқлашган қисқариш ва бўшашишлари юзага келади. Улар инсон бошдан кечираётган ҳиссиётларни жуда яхши акс эттирувчи юз ифодаларини белгилаб беради.
Юз мушакларининг ҳолатини бошқаришни ўрганиш қийин бўлмаганлиги сабабли, ҳиссиётларнинг юздаги ифодасини кўп ҳолларда ниқоблашга ва ҳатто ўхшатишга ҳаракат қиладилар.
Инсон ҳис-туйғуларининг самимийлигидан ҳиссиётларнинг юздаги ифодасидаги симметрия далолат беради, айни вақтда сохталик қанча кучли бўлса, юзнинг ўнг ва чап қисмлари мимикалари шунча кўп фарқ қилади.
Ҳатто осон англашиладиган мимика ҳам баъзан жуда қисқа вақт (сониянинг улуши мобайнида) давом этади ва кўпинча сезилмай қолади; уни илғай олиш учун анча катта тажриба ёки махсус машқлар керак бўлади.
Бунда ижобий ҳиссиётлар (шодлик, ҳузурланиш) салбий ҳиссиётлар (ғам, уят, нафрат кабилар)га қараганда осонроқ билиб олинади. Инсон лаблари ҳиссий жиҳатдан айниқса ифодали бўлиб, уларни уқиб олиш асло қийин эмас (масалан, оғиз мимикасининг кучлилиги ёки лабларни тишлаш хавотирдан далолат беради, бир томонга қийшайган оғиз эса ишонмаслик ёки бировнинг устидан кулишни билдиради).
Юздаги табассум одатда дўстона муносабатни ёки маъқуллашга эҳтиёжни билдиради. Эркаклар учун табассум – у ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини бошқариб турганлигини кўрсатиш учун яхши имконият. Аёл кишининг табассуми анча ҳаққоний бўлиб, кўпинча унинг ҳақиқий кайфиятига мос келади. Табассумлар ҳамма жойда турли мотивларни акс эттиргани боис, уларни стандарт тарзда талқин этишга ортиқча ишонмаган маъқул:
– ҳаддан ташқари кўп жилмайиш – маъқулланиш эҳтиёжидан дарак беради;
– қийшиқ табассум – назорат қилинаётган асабийлик белгиси;
– қошлар кўтарилган ҳолатдаги табассум – бўйсунишга тайёрлик;
– қошлар туширилган ҳолатдаги табассум – устунликни кўрсатади;
– пастки қовоқлар кўтарилмаган ҳолатдаги табассум – носамимийлик;
– кўзларни катта-катта очиб қилинган табассум – таҳдид.
Ҳис этилаётган туйғулардан дарак берувчи юздаги типик ифодалар қуйидагича:
– шодлик: лаблар қийшайган ва бурчаклари орқага тортилган, кўзлар атрофида майда ажинлар ҳосил бўлган;
– қизиқиш: қошлар бироз кўтарилган ёки туширилган, айни вақтда кўз қовоқлари бироз кенгайган ёки торайган;
– бахт: лабларнинг ташқи бурчаклари бироз кўтарилган ва одатда орқага тортилган, бунда кўзлар хотиржам;
– нафрат: қош бироз кўтарилган, юз чўзилган, бош кўтарилган, гўёки инсон кимгадир юқоридан қараяпти; гўё суҳбатдошидан нари кетяпти;
– қўрқув: қошлар бироз кўтарилган, аммо тўғри шаклга эга, уларнинг ички бурчаклари сурилган ва пешона орқали ётиқ ажинлар ўтган, кўзлар кенгайган, пастки қовоқлар таранглашган, юқоридагилари эса бироз кўтарилган, оғиз очиқ туриши мумкин, бурчаклари эса орқага тортилган бўлиб, лабларни тишлар устидан тортади ва тўғрилайди (айнан охирги аломат ҳис-туйғуларнинг жадаллигидан далолат беради); агар қошларнинг юқорида келтирилган ҳолатигина мавжуд бўлса, бу – назорат қилинаётган қўрқув;
– ғазаб: пешона мушаклари ичкарига ва пастга тортилган бўлиб, кўзларнинг таҳдид солувчи ёки хўмрайган ифодасини ташкил қилади, бурун катаклари кенгайган ва деворлари кўтарилган, лаблар ё зич ёпишган, ё орқага тортилиб тўғри бурчак шаклига кирган ва зич бирлашган тишлар кўрсатилган, юз кўпинча қизарган;
– уят: бош осилган, юз бурилган (ўгирилган), нигоҳлар олиб қочилган, кўзлар пастга қараган ёки бир томондан бошқа томонга «югуради», кўз қовоқлари бироз юмилган, баъзан эса бирлашган; юз анча қизарган, пулс (томир уриши) тезлашган, нафас олиш нотекис;
– ғам: қошлар бирлашган, кўзлар хира, лабларнинг ташқи бурчаклари баъзан бироз осилган.
Турли эмотсияларда юз ифодаларини билиш нафақат бошқаларни тушуниш, балки кўзгу олдида пухта ўзлаштириш учун ҳам фойдалидир.
Нигоҳ ва кўзлар. Инсоннинг кўзлари унинг ички кечинмаларидан аниқ далолат беради, тажрибали «ўйинчилар» бежизга кўзларини тўқ рангли кўзойнак ортида яширмайдилар.
Инсонларни одатда қуйидагилар фош этади:
– кўзларнинг одатдаги ифодасида юз берган ўзгаришлар – муайян ҳиссиётнинг юзага келиши;
– кўзларнинг беихтиёр ҳаракатлари (сезиларли «югурик кўзлар»)
– хавотир, уялиш, алдаш, қўрқув, неврастения (невроз гуруҳига кирувчи психологик бузилиш);
– ялтировчи нигоҳ – жонсараклик, қўзғалиш;
– қотиб қолган нигоҳ – ниҳоятда ожизлик;
– қорачиқларнинг кенгайиши – қизиқишни сезиш ҳамда ахборот, мулоқот, фотосурат, ҳамсуҳбат, овқат, мусиқа ва бошқа ташқи омиллардан ҳузурланиш, ниманидир қабул қилиш, айни вақтда кучли азоб; баъзи дорилар ва наркотиклар (марихуана, кокаин) истеъмол қилиш;
– қорачиқларнинг торайиши – ғижиниш, жаҳл чиқиши, нафрат ва бошқа шу каби салбий эмотсияларнинг чулғаб олиши, бирор нарсани қабул қилмаслик; муайян наркотиклар (морфин, героин) таъсири;
– қорачиқларнинг тартибсиз ҳаракати – мастлик белгиси (бундай ҳаракатлар қанча кўп бўлса, одам шунча маст бўлади);
– кўзнинг кучли пирпираши – қўзғалиш, алдов.
Инсонлар ҳар доим ўзлари аниқ завқ оладиган ёки яқин муносабатда бўлган одамларга қарашни афзал биладилар; бунда аёллар эркакларга қараганда кўпроқ новербал қизиқиш намойиш этадилар.
(давоми бор)
Мухтасам Сулаймонов
Самарқанд давлат университети
психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси