Самарқанд давлат университетининг иқтидорли битирувчиларига дипломларни тантанали топшириш маросими Самарқанд шаҳридаги «Ёшлар маркази»да бўлиб ўтди.

    Тадбирда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, қатор масъуллар ҳамда битирувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

    Рустам Холмуродов иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро таълим майдонида ва меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Жумладан, жорий йилда 95 нафар иқтидорли битирувчи дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасалари магистратура босқичига ўқишга қабул қилинганини алоҳида таъкидлади.

    Шунингдек, келгусида университетнинг барча иқтидорли битирувчиларини дунёнинг етакчи хорижий олий таълим муассасаларига қамраб олиш кўламини янада кенгайтириш, уларнинг халқаро таълим ва илмий фаолиятдаги иштирокини ошириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланганини қайд этди.

    Маросим давомида иқтидорли битирувчиларга дипломлар, уларнинг ота-оналарига эса университет раҳбарияти номидан ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.