Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди…
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари, 3-даражали адлия маслаҳатчиси Баҳриддин Валиев Самарқанд давлат университетида вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда маҳалла вакиллари иштирокида учрашув ўтказди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–1 ва ПҚ–2-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Самарқанд вилояти прокурори Муродқосим Эшназаров, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тоҳир Арипов ҳамда тегишли мутасаддилар қатнашди.
Йиғилишда талаба-ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, шунингдек, бу борада амалга оширилаётган умумпрофилактик ишлар самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида ёшлар билан ишлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жамоат тартибини таъминлаш йўналишида самарали фаолият олиб бораётган университет профилактика инспектори Шаҳбоз Муродуллаев ва СамДУда фаолият юритаётган “Қалқон” жамоаси аъзоларининг хизматлари эътироф этилди. Уларга намунали фаолияти учун эсдалик совғалари топширилди.






















