Самарқанд давлат университети магистранти Амиржон Салоҳиддинов нуфузли халқаро илмий марказ — JINR’да стажировка ўтайди
Самарқанд давлат университети магистратура босқичи талабаси Амиржон Салоҳиддинов 2026-йил 15-февралдан 11-апрелга қадар Россия Федерациясининг Москва вилояти, Дубна шаҳрида жойлашган дунёнинг етакчи илмий марказларидан бири — Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (JINR)да муваффақиятли илмий стажировка ўтайди. Мазкур институт ядро физикаси ва фундаментал тадқиқотлар соҳасида халқаро миқёсда юқори нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлардан етакчи олимларни бирлаштиради.




Стажировка давомида Амиржон Салоҳиддинов Самарқанд давлат университетидаги илмий раҳбари Сафаров Акмал Аскарович йўналтириши асосида ҳамда JINR’да бевосита илмий раҳбар сифатида фаолият олиб борган профессор Артиков Акрам Музаффарович бошчилигида илмий тадқиқотлар олиб борди. Шунингдек, тадқиқот жараёнида JINR мутахассислари Васильев И.И. ва Баранов В.Ю. томонидан кўрсатилган илмий-амалий ёрдам иш самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Тадқиқотлар якунида Амиржон Салоҳиддинов томонидан “Study of the Effect of Gamma Radiation on the Light Output of the LYSO:Ce Inorganic Scintillation Crystal” мавзусида илмий иш бажарилди. Ушбу иш доирасида LYSO:Ce ноорганик синтилляцион кристалининг гамма нурланиш таъсирида ёруғлик чиқиши хусусиятлари замонавий экспериментал усуллар асосида чуқур таҳлил қилинди.


Мазкур стажировка ёш тадқиқотчининг халқаро илмий муҳитда тажриба орттиришида муҳим босқич бўлиб, унинг келгусида ядро физикаси ва юқори технологиялар соҳасида етук мутахассис сифатида шаклланишига хизмат қилади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.

