Самарқанд шаҳрида “Амир Темур ва Темурийлар даврида солиқ тизими – Амир Темурнинг давлат бошқарувида лавозимларга муносиб кишиларни танлаш сиёсати” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

    Мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси, ЎзР ФА Тарих институти, Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

    Анжуманда Солиқ қўмитаси Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бошқармаси бошлиғи Тўра Тўраев, Солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Баҳриддин Зайниддинов, Самарқанд вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи Фаррух Бобоев ҳамда бир қатор олимлар маърузалари билан иштирок этдилар.

    Тадбир давомида сўзга чиққанлар Амир Темурнинг давлат бошқаруви тамойиллари, хусусан, лавозимларга муносиб кадрларни танлаш сиёсати, иқтисодий ёндашувлари ва солиқ тизимини шакллантиришдаги ўрни ҳақида атрофлича фикр юритдилар.

    Шунингдек, “Турон салтанатидаги бунёдкорлик ва ҳомийлик асослари”, “Амир Темурнинг иқтисодий сиёсати”, “Темурийлар даврида таълим тизими”, “Амир Темур – Буюк Турон султони”, “Амир Темур давлатида солиқ тизимининг ўрни” ҳамда “Темур тузуклари”нинг аҳамияти каби долзарб мавзулар кенг муҳокама қилинди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.