“Ёшлар куни” муносабати билан Самарқанд давлат университетида раҳбарлар ва ёш олимлар, докторантлар ҳамда талабалар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров, агентлик директорининг илмий-тадқиқот масалалари бўйича маслаҳатчиси Ноибахон Мамадалиева, Ўзбекистон Миллий метрология институти директори Лазизбек Саидорипов, Самарқанд давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов ҳамда бошқа масъул раҳбарлар иштирок этдилар.

    Тадбирни СамДУ проректори Ҳаким Хушвақтов очиб берди ва таълим ҳамда илмий тадқиқотлар соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Хусусан, университетнинг Муҳандислик физикаси институти қошидаги Квант маркази, замонавий лабораториялар ҳамда Биокимё институти лабораторияларида амалга оширилаётган илмий изланишларга батафсил тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров агентлик фаолияти ҳақида маъруза қилди. Ўзбекистон Миллий метрология институти директори Лазизбек Саидорипов эса квант метрологиясига оид маърузаси билан иштирок этди.

    Шундан сўнг масъул раҳбарлар ва ёшлар ўртасида эркин ва очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда ёш тадқиқотчилар ҳамда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

    Учрашув якунида меҳмонлар Самарқанд давлат университетининг Муҳандислик физикаси институти Квант маркази, илмий лабораториялари ҳамда Биокимё институти лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишдилар.