Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг Муҳандислик физикаси институти Квант марказида халқаро семинар бўлиб ўтди. Унда Россия, АҚШ ва Ўзбекистон олимлари иштирок этиб, квант фотоника, фотоник чиплар ҳамда магнетизм масалаларини муҳокама қилдилар.

    Семинарни Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, АҚШнинг Техас университети профессори Анвар Зоҳидов бошқариб борди. У квант физикасининг замонавий фан ва технологиялар тараққиётидаги аҳамияти ҳақида батафсил тўхталиб, мазкур халқаро семинар долзарблигини алоҳида таъкидлади.

    Москва Квант маркази олимлари Дмитрий Чермошентсев ва Александр Чернов ўз маърузаларида оптик квант тузилмаларидан фойдаланиш, полиетилен плёнкаларнинг оптик хусусиятларини ошириш учун квант нуқталарини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш технологиялари ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, Самарқанд Магнетланиш ва муҳандислик маркази директори Зокир Шодиев “Самарқанд Магнетланиш ва муҳандислик марказининг ривожланиш тенденциялари” мавзусида маъруза қилди.

    Халқаро семинар кун тартибидаги масалалар юзасидан илмий баҳсларда АҚШнинг Техас университети, Россиянинг Санкт-Петербург давлат университети, Москва давлат университети, РОСАТОМ Квант маркази, Санкт-Петербург ИТМО университети ҳамда Бухоро давлат университети олимлари фаол иштирок этдилар.

    БИРД грант дастури доирасида лойиҳа жамоаси аъзолари учун тренинг ҳам ташкил этилди. Тренингни АҚШлик менежер Эмили Ганли олиб борди. У иштирокчиларни квант нуқталарини ишлаб чиқиш ҳамда уларни электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадида дераза ойналарига интеграция қилиш технологияси билан таништирди.