Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Корея Республикасининг Кванджу шаҳрида жойлашган “Art Bridge 27” ташкилоти бош директори Жеонг Эуи-Рим бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мартабали меҳмонларни университетнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахадов масъуллар ҳамроҳлигида кутиб олди. Делегация аъзолари билан учрашувда университетнинг психология ва ижтимоий-сиёсий фанлар факультети декани Зарифа Мўминова, декан ўринбосари Шаҳзода Ахмедова ҳамда университетдаги корейс маданияти маркази фаоллари иштирок этди.

Ташриф давомида томонлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, санъатшунослик соҳасига оид қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, замонавий санъат йўналишлари — корейс ва ўзбек санъатидаги янги анъаналар, ижодий ёндашувлар ва инновацион услублар, олий таълим муассасаларида санъатшунослик фанларини ўқитиш методикаси, ўқув дастурлари асосида амалий машғулотларни ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда маданий ва академик алмашинувни ривожлантириш, санъат ва таълим кўргазмаларини ташкил этиш, семинарлар ва маҳорат дарсларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, анъанавий ва замонавий санъат уйғунлигини таъминлаш, миллий санъат анъаналарини сақлаган ҳолда уларни замонавий шаклларда ривожлантириш, келгусида қўшма бадиий лойиҳалар, халқаро фестиваллар ва кўргазмалар ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, “Art Bridge 27” ташкилоти ва университет ўртасида “Media art” лойиҳасини амалга ошириш доирасида тренинг дастурларини ташкил этиш, малакали ўқитувчи (ментор)ларни жалб қилиш, замонавий технологиялар ва дастурий воситалардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Ташриф давомида меҳмонлар Самарқанд давлат университетининг илмий салоҳияти, халқаро ҳамкорликдаги фаолияти ҳамда университетда ташкил этилган корейс маданияти маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Сафар якунида меҳмонлар катта таассурот олганликларини таъкидлаб, келгусида икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш истагини билдирдилар.

Ушбу ташриф икки томонлама илмий-ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва санъатшунослик соҳасида янги ҳамкорлик йўналишларини белгилашга хизмат қилиши, шубҳасиз.