Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
Ҳазрат Алишер Навоий XV асрдан буён ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий, адабий-маърифий жиҳатдан башарият, халқ, жамият манфаати, тараққиёти йўлида ўз ҳиссасини ҳам бевосита,ҳам билвосита қўшиб келаётган шоир, давлат арбоби ва инсонпарварлик ғояларининг ялавбардоридир. Бу улуғ сиймони англаш ва унинг маънавий-маърифий ғояларини халқимиз тафаккурида юксалтириш бугунги кунда ҳам миллатимизнинг юксалиши, баркамоллик топишида тўғри йўл кўрсатувчи калитдир. Қолаверса, 2025 йил якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаларида таъкидланганидек, бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, халқимизни янада бирлаштириш ва жипслаштириш энг муҳим масала сифатида белгиланган. Албатта, бу ўринда инсонийликлик, байналминаллик, ростлик, шараф ва ҳидоят йўлининг намунаси бўлган Алишер Навоийни англаш аниқ ва тиниқ дастуруламалдир.
Ҳазрат Навоий Лисон ут-тайр достонида ҳикмат ва ҳақиқат маҳзанини англаш йўлидаги мушоҳадаларида “Чун халойиқдин они мумтоз этиб, Кунту канзан сирриға ҳамроз этиб. Бошиға қўюб ҳидоят тожини, Қисмати айлаб шараф меърожини.” – дея, Халққа энг намунали, сара, мумтоз йўл сифатида “Кунту канзан маҳфиян” ҳадиси иқтибосининг маъносида пок кўнгилда яширинган аслият орқали англаб етиладиган ҳақиқат хазинасига камарбасталикка чорлаб, бу ҳидоятга бошловчи йўл одамийлик ва мавжудотларнинг гултожи бўлган Комил Инсон йўли эканини таъкидлайди.
Алишер Навоий барча даврларда воқеълик учун илм ва маъно манбаининг эхтиёжи бўлган. Унинг ҳаёти, ижодини ўрганиш ўз давридан бошланган бўлиб, айниқса унинг Самарқанддаги ҳаёти ва ижоди, уларнинг манбалари Самарқанд адабиётшунослик, навоийшунослик мактабининг долзарб муаммоларидан биридир. Асрлар давомида жаҳон тамаддунининг сайқали бўлиб келган кўҳна Самарқанд Улуғбек Мадрасайи Олияси тимсоли сифатида илм-маърифат бешиги бўлган. Иккинчи Ренессанс махсули ўлароқ фаолият юритган мадрасаларда уч - араб, форс, туркий тилларида диний ва дунёвий билимлардан таълим берилган. Мадрасалар қошидаги бой кутубхоналар таълим жараёнида дастуруламал бўлган. Мирзо Улуғбек таълим тизимида жорий қилинган ислоҳотлар бу даврга келиб ўз самарасини бера бошлаган – миллатимизнинг улуғ сиймоси бўлмиш Алишер Навоийдек зотларнинг касби камол топган. Чунончи, устозимиз академик Ботирхон Валихўжаев таъкидланганидек Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг маънан давомчиси бўлган Самарқанд давлат университетида ҳам бугунги кунда ўн мингдан ортиқ қўлёзма, тошбосмаларни қамраб олган кутубхона мавжуд бўлиб, иқтидорли ёшлар изланишлари, илмий-амалий лабаратория, фундаментал ва амалий тадқиқотларда ўз натижасини ҳамон акс эттириб келмоқда. Ёшларда ушбу илмий-маънавий меросни ўрганиш ва тадқиқ этишни шакллантиришга қаратилган адабиётшунослик, матншунослик ва манбашунослик, шарқ тиллари йўналишларида ўқитилаётган фанлар бевосита ўша давр анъаналарини давоми сифатида сақланиб келинмоқда.
Таъкидлаш лозимки, “Навоий ва Самарқанд”, “Навоий ва адабий издошлик” мавзулари устоз адабиётшунос академик Воҳид Абдуллаев томонидан тадбиғини топган бўлса, Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва мадрасайи олия тарихи билан боғлиқ қарашлар, чунончи Алишер Навоийнинг илҳом манбайи ва илмий-адабий муҳит тадбиғи академик Ботирхон Валихўжаев томонидан тадқиқ этилди. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини тадқиқ этишда Самарқанддаги манбаларининг аҳамияти 20 ва 21 аср навоийшунос олимлари томонидан таъкидланиб келинмоқда. Бу албатта Самарқанд навоийшунослик мактаби олимлари Абдураҳмон Саъдий, Воҳид Абдуллаев, Ботирхон Валихўжаев ва улар яратган илмий мактаб дарғаларининг тадқиқотларини оммалаштириш, давом эттириш эхтиёжини тақозо этади.
Зеро, бугунги кунда ҳам Самарқанд давлат университетида Алишер Навоий “Хамса”си ва уларнинг жаҳондаги нусхалари, нашрларининг амалга оширилиши юзасидан тадқиқотлар олиб борилиб Туркия, Россия, Эрон кутубхоналарида сақланаётган манбалар ўрганилиб чиқилди. Туркия пойтахтида Алишер Навоий ҳайкалининг ўрнатилиши, Эроннинг Машҳад шаҳридаги Алишер Навоий изларининг кутубхона, биною обидаларда мўътабар қилиб сақлангани жаҳонда шоирнинг мавқеъини маънавий-маърифий феномен сифатида гавдалантиради. Айниқса, Россиянинг Санкт-Петербург кутубхона ва музей фондларидаги 1945 йилларда илк бор ўтказилган Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейининг изларини излар эканмиз, эҳтиром билан сақланган муқаддас қўлёзмаларнинг ҳар бир саҳифаси залворида иккинчи жаҳон уруши, чунончи Ленинград қамали даврида умумбашарий ғоялар, одамийлик тимсоли сифатида ҳазрат Алишер Навоий қаноат ва шижоат сиймоси ўлароқ қувват манбаига айланганининг гувоҳи бўлдик.
Бугунги кунда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш йўлида бой маънавий меросимиз, хусусан, мумтоз адабий обидаларни давр талабига мувофиқ холис, объектив ўрганиш ҳамда ёш авлодга тақдим қилиш ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этади. Низомиддин Мир Алишер Навоий ўзи ҳам, амали ҳам, сўзи ҳам замон ва макон танламайдиган умуминсоний ғояларнинг намунаси ўлароқ башарият учун илм-маърифат калитидир. Навоий шундай қуёшки, унинг маънолар оламини кўнгилда жилвалантириб ҳидоят чироғини ёқиш, шоир сўзларини ўкиш ва уқиш билим хазиналарини ойна каби курраи ҳофизасида жой олишига, унга муносиб бўлишга ундовчи олий маслакдир.
Назмия МУХИТДИНОВА,
Самарқанд давлат университети профессори.

