Самарқанд давлат университетига Эрон Ислом Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси маслаҳатчиси Ҳасан Сафархоний ташриф буюрди…
Мартабали меҳмон билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашди.
Томонлар ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Замонавий фан-техника ютуқлари асосида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.
Тарих, форс тиллари ва маданияти, компьютер технологиялари, сунъий интеллект, ва математика каби таълим йўналишлари ва муҳандислик физикаси соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотда Эрон Ислом Республикаси университетлари ва Самарқанд давлат университети ўртасида ёзги, қишки мактабларни ташкил қилиш ҳамда магистратура ва докторантура босқичларида алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларнинг қисқа муддатли стажировкаларини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилди.
Ҳасан Сафархоний Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти профессори Садри Саъдиевга Эроннинг форс тили ва адабиёти академиясига қабул қилинганлиги тўғрисидаги хатни топширди.











