Хитой Халқ Республикасининг Цингхуа университети “Ўзбекистонда ипак ва адабиёт” кафедрасига қарашли ижтимоий амалиёт бўлими делегацияси Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди.

Делегацияга Ли Чжанcин бошчилик қилди. У Ижтимоий академия парткоми ҳузуридаги ўқув-илмий тадқиқот ишчи гуруҳи раҳбари, шунингдек Ёзма нутқ ва коммуникация маркази ўқитувчиси ҳисобланади.

Ташриф доирасида хитойлик талабалар учун қишки амалиётни Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу муносабат билан делегация Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллари институти ҳамда Аниқ ва ижтимоий фанлар университетлари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказишни режалаштирган.

Учрашувларнинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатларнинг бугунги юқори даражасини мустаҳкамлаш, шунингдек таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, талабалар алмашинуви ва қўшма амалиёт дастурларини йўлга қўйишдан иборат.