Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ва мазкур олий таълим муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Миллий журналистикамиз тараққиётида Маҳмудхўжа Беҳбудий феномени” мавзусидаги республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференцияда Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, журналистлар ва олимлар иштирок этдилар.
    Анжуманни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов  кириш сўзи билан очди. 
    Конференцияда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, “Ишонч” ва “ Ишонч - Доверие” газеталари бош муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ҳусан Эрматов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори, таниқли беҳбудийшунос олим, Ҳалим Саидов ва бошқалар ўз маърузаларида Маҳмудхўжа Беҳбудий меросининг илмий-амалий аҳамияти ҳақида фикр юритдилар.
    Шундан сўнг, самарқандлик бир гуруҳ ижодкорларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзолик гувоҳномалари топширилди.
    Конференциянинг расмий қисми якунлангач, иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи, таниқли адиб ва журналист Абдусаид Кўчимовнинг Ургут тумани Деҳқонобод маҳалласидаги кутубхонаси, Ургут темир йўл вокзали, Самарқанд давлат университетининг зоология музейи, ўсимликлар оранжереяси, лабораториялари ва янги бинолари билан танишдилар. Саёҳат давомида маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар масалалари бўйича биринчи проректор Субхон Аббосов меҳмонларга  ҳамроҳлик қилди.