Жорий йилнинг 12-ноябрь куни Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Таиланд Қироллиги Конституциявий суди судьяси Удом Ратхамарит бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мартабали меҳмонларни Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов ҳамда  ўқув ишлари бўйича проректор Шуҳрат Умидуллаевлар кутиб олди. Университет раҳбарлари иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Таиланд Қироллиги Конституциявий суди судьяси, Таммасат университети ректори, ушбу университет бош котиби ва бош котиб ўринбосари иштирок этишди. 
Томонлар ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий фан-техника ютуқлари асосида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Юриспруденция, ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқ таълими, фалсафа, ижтимоий гуманитар фанлар, аниқ ва табиий фанлар каби таълим йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек университетлар ҳамкорлигида профессор-ўқитувчиларнинг юридик ҳамда бошқа бир қатор соҳаларда тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, бакалавр ва магистратура босқичларида талаба алмашинуви дастурларини, қўшма таълим дастурларини амалга татбиқ этиш, ёзги мактабларни ташкил қилиш, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг қисқа муддатли стажировкаларини ташкил этиш борасида таклифлар билдирилди. 
Ташриф якунида Таиланд Қироллиги Конституциявий суди судьяси Удом Ратхамарит ва делегация аъзолари Самарқанд давлат университетининг илмий салоҳияти, халқаро ҳамкорликдаги фаолияти ҳамда таълим сифати эътирофга лойиқлигини таъкидлаб, келажакда икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш истагини билдирдилар.