Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Электроника ва соғлиқни сақлаш информатикаси соҳасидаги ривожланиш тамойиллари” мавзусида V халқаро конференция иш бошлади.

    Конференцияда дунёнинг йигирмага яқин мамлакатидан эллик нафардан ортиқ таниқли олим қатнашмоқда. Конференцияни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди.

    Рустам Холмуродов ўз сўзида дунё тараққиётининг ҳозирги босқичида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект нақадар катта аҳамиятга эгалигини, улардан оқилона фойдаланиш ва бу борадаги халқаро илмий-амалий ҳамкорлик умумбашарий ривожланишни янги юқори даражага кўтаришини алоҳида таъкидлади.

    АҚШнинг Жоржия университети соғлиқни сақлаш сиёсати ва бошқаруви кафедраси мудири Маҳмуд Хон, АҚШдаги хеж-фонд раиси Винцент Чанг, Туркиянинг  Аcıбадем университети профессори Юсуф Челик, Ҳиндистоннинг Ражастан Амитй университети профессори Канад Рей, Самарқанд давлат университети  профессори Ариндам Баник сунъий интеллект ва рақамли технологияларни илмий тадқиқот ва ишлаб чиқаришда қўлланишининг ўзига хос хусусиятлари, беқиёс самараси ва амалий аҳамияти масалалари борасида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

    Ялпи мажлис ниҳоясига етгач, куннинг иккинчи ярмида конференция ўз ишини шўъбаларда давом эттирди.