Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида ташкил этилган “Ахборот технологиялари ва нанотехнологиялар (ITNT-2025)” мавзусидаги XI халқаро илмий-техник анжуман бугун ўз ишини давом эттирди.

    Муҳандислик фанлари, материалшунослик, нанотехнологиялар ва замонавий ахборот технологиялари масалаларига бағишланган ушбу анжуманда Жанубий Корея, Япония, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Сингапур, Россия, Исроил, Эрон ва бошқа бир қанча мамлакатларнинг олимлари қатнашдилар ва маъруза қилдилар.

    Россиялик олимлар Р. Мешеряков, Н. Бункин, В.Венедиктовларнинг маърузаларидан сўнг анжуманнинг якуний қисмига ўтилди. Бунда фаол иштирокчиларга махсус сертефикатлар топширилди.

    Шу кунларда анжуман ташкилотчилари ва иштирокчилари халқаро анжуман иши хусусидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

 

    Муҳсинжон АШУРОВ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги:

    - Мазкур конференцияга шу соҳа бўйиа дунёга машҳур олимлар йиғилишган. Мақсад ахборот технологиялари ва нанотехнологиялар йўналишидаги илмий фаолият ва тадқиқотларни сарҳисоб қилишдир. Кейинги вақтларда фаннинг ушбу соҳалари жуда тез  ривожланмоқда. Анжуманнинг яна бир мақсади мазкур йўналишга дахлдор фикр ва таклифларни жамлаб тадқиқотларнинг истиқбол режаларини  белгилаб олиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ёш олим-тадқиқотчилар фаолиятини рағбатлантиришдир. Анжуман давомида ушбу мақсадларга бир қадар эришилди, деб ўйлайман.

 

    Владимир БОГАТИРЕВ, Россиянинг Самара университети ректори:

    -Бу конференция ўн биринчи марта ўтказилаяпти. Самарқанд анжуманида иштирокчилар сафи анча кенгайди. Янги мавзулар қўшилди, масалан, фотоника, биотиббиёт каби. Аниқса олимлар сафида иқтидорли ёш тадқиқотчилар кўпаяётгани қувончли. Улар анжуманда ва мавсумий мактабларда фикр ва тажриба алмашишмоқда. Муҳими олимларнинг ғайратли ва иқтидорли ёш авлоди шаклланмоқда.

 

    Ёнг ҲОНГ, Сежонг университети профессори:

    -Ушбу халқаро конференцияда учинчи марта қатнашаяпман. Нуфузли анжуманда, дунёнинг таниқли олимлари ҳузурида ўз тадқиқотларим натижаларига асосланган маъруза қилиш мен учун катта шараф. Мен Ўзбекистон, Жанубий Корея, АҚШ қўшма лойиҳаси доирасида илмий изланишлар олиб бормоқдаман. Халқаро илмий ва академик ҳамкорлик кенгайишини ва ривожланишини истайман. Анжуман кунларида Самарқанд университетининг лабораториялари ва Квант маркази билан танишдим. Менда ажойиб таассурот қолдирди. Самарқанд университетини илмий салоҳияти юқори эканлигига амин бўлдим.

 

    Сергей ГОРНОВ, академик, Россиянинг А. Проханов номидаги умумий физика институти директори:

    -Самарқанд қадимдан илмий марказ бўлган. Шунинг учун ушбу нуфузли халқаро анжуман Самарқандда ўтказилаётгани бежиз эмас. Анжуман юксак даражада ташкил этилган. Бу Ўзбекистонда олий таълимга, илмий тадқиқотларга жуда катта эътибор берилаётганидан далолат. Самарқанд университетида илмий изланишлар ва тадқиқотлар учун яратилган шароитларга ҳавас қилса арзийди. Анжуман шаҳрингизда ўтказилиши туфайли самарқандлик олимларнинг таклифи билан кун тартибига биотиббиёт, фотоника, муҳандислик физикаси каби янги мавзулар қўшилди. Анжуман доирасидаги мулоқотларда янги иқтидорли ёш олимлар кашф этилди. Хуллас, анжуман иши самарали бўлди, дея оламан.

    Бугун  “Ахборот технологиялари ва нанотехнологиялар (ITNT-2025)” мавзусидаги XI халқаро илмий-техник анжуман ўз ишини якунлади.