РЕКТОРЛАР УЧРАШУВИ
2025 йил 7 октябрь куни Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Россия Федерациясининг Самара университети ректори Владимир Богатирев бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мартабали меҳмонларни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди. Суҳбат чоғида томонлар ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий фан-техника ютуқлари асосида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Томонлар ўртасида муҳандислик физикаси, аэронавтика, астрономия, физика, компьютер технологиялари, сунъий интеллект ва математика каби таълим йўналишлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикрлашилди. Мазкур йўналишлар бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама марказида бўлди. Учрашув давомида университетлар ўртасида таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, мавсумий мактабларни ташкил этиш, магистратура ҳамда докторантура босқичларида қатор таълим йўналишлари бўйича алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, қисқа муддатли талаба алмашинув дастурлари ҳамда профессор-ўқитувчилар учун стажировкаларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ҳамкорликда Самарқанд давлат университетида амалий космик тадқиқотлар марказини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва агробиотехнологиялар соҳасида тажриба алмашиш мақсадида мутахассисларни Самара университетига ташриф буюриши таъкидлаб ўтилди.
Ташриф якунида Самара университети ректори Владимир Богатирев Самарқанд давлат университетининг илмий салоҳияти, халқаро ҳамкорликдаги фаолияти ҳамда таълим сифати юксаклигини таъкидлаб, келгусида икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш истагини билдирди.







