Самарқанд давлат университетида Имом Мотуридий таваллудининг 1155-йиллиги муносабати билан  “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилмоқда.

    Конференцияда Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқанд археология институти, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, олий таълим муассасалари олимлари, тадқиқотчилар, шунингдек, Маҳдуми Аъзам Даҳбедий илмий-тадқиқот фонди мутасаддилари  иштирок этмоқда. Конференцияда Имом Мотуридийнинг илмий мероси билан боғлиқ бўлган сўнгги тадқиқот натижалари эълон қилинди.

    Ушбу анжуманнинг мақсади Мотуридийнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилишдир. Шу доирада Республика олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказларининг ёш тадқиқотчилари, магистр ва талабалари иштирокида “Мақолалар танлови” ўтказилди. Ғолибларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус совғалари топширилди. Танловда Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси Исломшунослик таълим йўналиши 2-босқич талабаси Пўлатова Дилдора Азиз қизи 1-ўринни эгаллади, 2-ўринни СамДУ талабаси Муштарийбегим Исмоилова қўлга киритди.

    Конференциянинг биринчи кунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов, Маҳдуми Аъзам Даҳбедий илмий-тадқиқот фонди раҳбари Комилхон Каттаев, Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов, Эге Университети Турк дунёси тадқиқотлари институти ўқитувчиси Надим Масит, СамДУ профессори, тарих фанлари доктори Шокир Ғаффоров,  Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси тадқиқотчиси Мухлиса Мирзаева каби олим ва тадқиқотчиларнинг илмий асосланган маърузалари Мотуридий фалсафаси ва фикрини англашда катта аҳамиятга эга бўлди.

    Конференция эртага ўз ишини давом эттиради.