Самарқанд давлат университетида 2025 йил  3 октябрь куни «СМАРТ материаллар кимёси ва уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришдаги истиқболлари» мавзусида илмий-амалий конференция бошланди.

    Конференциянинг асосий мақсади СМАРТ материаллар соҳасидаги илмий-техник ютуқларни муҳокама қилиш, уларни миллий иқтисодиёт тармоқларида қўллаш имкониятларини аниқлаш ҳамда ёш олимлар ва стартаплар учун янги платформаларни яратишдан иборат.

    СМАРТ материаллар ҳозирги вақтда тиббиётда, ахборот технологиялари соҳасида, замонавий электрон ускуналар ишлаб чиқаришда, экологик муаммоларни ҳал қилишда ва яна бошқа кўплаб соҳаларда ҳам кенг қўлланилмоқда.

    Илмий-амалий конференцияни Самарқанд давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, профессор Субхон Аббосов  кириш сўзи билан очиб, илмий тадқиқотларнинг ва нанотехнологияларнинг иқтисодий тараққиётдаги аҳамиятини ва бу борада ёш олимларнинг фаоллигини, халқаро илмий ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

    Конференция ялпи мажлиси АҚШнинг Калифорния штати тиббиёт департаменти Сан-Франциско университети профессори Шароф Тўғизовнинг  “Silver nanoparticles bound with anti-HIV IgG neutralize intravesicular HIV-1 in macrophages and epithelial cells” мавзусидаги онлайн маърузаси билан бошланди.

    Сўнгра Россия Фанлар академияси мухбир аъзоси, А. Фрумкин номидаги физикавий кимё ва электрокимё институти тадқиқотчиси Алексей Буряк  “Сўриладиган материаллар ва уларнинг хроматографияда қўлланилиши”, РФнинг Қозон миллий тадқиқот технологиялари университети профессори Юрий Галяметдиновнинг “Айрим оптик наноматериалларнинг хоссалари ва уларни синтезлаш” масалаларига оид, шунингдек, Тошкентдаги Турин политехника университети профессори Олимжон Рўзимуродовнинг, ЎзР ФА Полимерлар кимёси ва физикаси институти профессори Абдушукр Саримсоқовнинг, СамДУ профессори Нурали Муҳаммадиевнинг соҳа муаммолари ечимига дахлдор илмий таҳлилий маърузалари тингланди.

    Халқаро илмий конференция эртага ўз ишини давом эттиради.