Дипломлар топширилди

Замонавий билимларга эга бўлган юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида 2019-йилда Самарқанд давлат университетида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкил этилди. 2021-йилдан бугунги кунгача қарийб 40 нафар магистрант ва 150 дан ортиқ бакалавриат талабалари қўшма таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаб, икки томонлама дипломларга эга бўлдилар.
Самарқанд давлат университетида қўшма таълим дастурларини 2025-йилда битирган битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов, Халқаро таълим дастурлари маркази директори Сардор Умаров, профессор-ўқитувчилар, битирувчилар ҳамда уларнинг яқинлари иштирок этди.
Самарқанд давлат университети Халқаро таълим дастурлари марказида шу кунгача 8 та хорижий давлатнинг 11 олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда 12 бакалавр ва 13 магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастурлари фаолияти йўлга қўйилган. Тадбирда 2024–2025-ўқув йилида таҳсилни муваффақиятли тамомлаган 27 нафар бакалавриат талабаларига ҳамкор олий таълим муассасаси ва Самарқанд давлат университетининг дипломлари топширилди.
– Қўшма таълим дастурлари хорижнинг етакчи университетлари билан ҳамкорликда мамлакатимиз иқтисодиёти ва ривожи учун зарур бўлган, юқори салоҳиятли кадрларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, замонавий кадрлар тайёрлашда сифат ва юқори самарадорликка эришиш кўзланган, – дейди Самарқанд давлат университети Халқаро таълим дастурлари маркази директори Сардор Умаров. – 2025–2026-ўқув йилида ҳам университетда магистратура мутахассисликларида мамлакатимизнинг келгуси ривожланишига ҳисса қўшадиган кадрлар тайёрловчи қўшма таълим дастурларини очиш мақсад қилиб олинди. Янги ўқув йилида дунёнинг ТОП-500 таликка кирувчи етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам самарали ишлар амалга оширилди.