Илғор механика: тузилмалар, материаллар, трибология

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Илғор механика: тузилмалар, материаллар, трибология” мавзусида Халқаро семинар иш бошлади. Халқаро анжуманда Германия, Буюк Британия, Россия Федерацияси, Беларуссия, Хитой, Япония, Арманистон, Дания, Франция, Италия, Қозоғистон, Болгария, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Финляндия, Словения, Сербия, Польша ва бошқа хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари ва ташкилотларидан олимлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, мутахассислар иштирок этмоқда.
Халқаро конференцияни Германиянинг Берлин техника университети тизимлар ҳаракати ва ишқаланиш физикаси бўлими мудири, профессор Валентин Попов очди.
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби. Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов табрик сўзида илмий-амалий ҳамкорликнинг аҳамияти ва самараси, истиқболлари ва имкониятлари ҳақида тўхталди.
Конференцияда техник ва биологик системаларнинг механик, трибологик хусусиятлари ва моддий жиҳатларининг ўзаро боғлиқлиги ҳамда ўзаро таъсири, деформацияланувчи қаттиқ жисмлар механикаси, структуравий механика ва трибология материалшунослиги каби масалалар муҳокама қилинади.
Мақсад Ўзбекистон Республикаси ва бошқа хорижий мамлакатларда олиб борилаётган механикага оид тадқиқотларнинг ғояси, тажрибалари, истиқболли йўналишларини мувофиқлаштириш, долзарб муаммоларини ўрганиш, механикага оид тадқиқотларда инновацион ёндашувлар борасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтидорли ёш олимлар эътиборини истиқболли илмий йўналишларга жалб қилишдан иборат.
Анжуманнинг биринчи кунида Хитойнинг Цинхуа университети замонавий трибология бўйича асосий лабораторияси директори, Хитой фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Жианбин Луо, Буюк Британиянинг Лондон Империал коллежи трибология бўлими директори Даниэл Дини, Словениянинг Любляна университети трибология ва интерфейс нанотехнологиялари лабораторияси мудири, Халқаро Трибология Кенгаши президенти ўринбосари Митжан Калин, Япониянинг Тоҳоку университети механик тизимлар муҳандислиги Кординаторсининг трибология ва наноинтерфейслар муҳандислиги лабораторияси мудири Коши Адачи, АҚШнинг Пенсилвания штати университети кимё муҳандислиги профессори Сеонг Ким маъруза қилди.
Маърузалар оралиғида конференция иштирокчилари ўртасида мавзуга доир савол-жавоб тарзидаги қисқа мунозаралар ҳам бўлиб ўтди. Маърузачилар саволларга батафсил жавоб бериб, ўз илмий тадқиқотларининг хулосалари билан ўртоқлашди.
Анжуманда механика ва математик моделлаштириш, муҳандислик физикаси фан соҳаларида фаолият кўрсатаётган мутахассислар, ёш олимлар, докторантлар, таянч докторантлар, мустақил изланувчилар, умумий ўрта ва ўрта-махсус, профессионал таълим муассасалари ўқитувчилари, магистрантлар ва иқтидорли талабалар ўзлари олиб бораётган тадқиқотларининг натижалари, амалиётга татбиқ этилаётган ишланмалари, илғор инновацион ғояларини ўзида ифода этган маъруза, мақола ва тезислари билан иштирок этмоқда.
Халқаро конференция 26 сентябргача давом этади.