Бугунги кунда экологик муаммоларни ҳал қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳолида экологик маданиятни шакллантириш глобал масалага айланмоқда. Ўзбекистон Республикаси ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам экологик сиёсатнинг муҳим ташаббускорларидан бири сифатида тан олинмоқда.

Шу жиҳатдан, 2025-йил 20-сентябр куни Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида “Педагог кадрларнинг инновацион-экологик компетентлигини такомиллаштиришга оид давлат сиёсати” мавзусида семинар-тренинг ўтказилгани катта аҳамият касб этди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тадқиқотчиси, биология фанлари номзоди, доцент Зебинисо Раҳманова “Биология” йўналиши тингловчилари билан ўз тажриба ва илмий қарашларини ўртоқлашди.

Семинарда мамлакатимизда олиб борилаётган экологик сиёсат, жумладан, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ЮНЕСКО ва ЮНЕП каби нуфузли ташкилотларнинг ҳужжатлари ҳамда “Инсон ва биосфера”, “Европа экологик таълими”, “Экологик маданият”, “Жаҳон маданияти” каби лойиҳалар таҳлил қилинди. Ушбу ташаббуслар инсоният тараққиёти ва келажак авлод фаровонлиги учун экологик онг ва маданиятни ривожлантиришга қаратилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг экологик дипломатия соҳасидаги ташаббуслари ҳам юқори баҳоланмоқда. Жумладан, сўнгги 7 йил ичида мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 12 та резолюция қабул қилинди. Уларнинг аксарияти Марказий Осиё минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш масалаларига бағишланган. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро майдонда экологик масалаларга жиддий эътибор қаратaётганини кўрсатади.

Шунингдек, тадбир давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025-йил 30-январдаги ПФ–16-сонли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “Яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури”даги устувор вазифалар ҳам муҳокама қилинди. Унда:

  1. Маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш ва экологик жиҳатдан қулай ҳамда фаровон яшаш муҳитини шакллантириш;

  2. Аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш;

  3. Табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;

  4. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш масалалари алоҳида белгилаб берилган.

Педагог кадрларнинг ушбу сиёсатни амалга оширишдаги ўрни беқиёсдир. Чунки улар ёш авлод онгига экологик тарбия, табиатга масъулиятли муносабат, яшил ҳаёт тарзи ва барқарор ривожланиш ғояларини сингдирувчи асосий етакчилардир. Инновацион ёндашувлар асосида экологик компетентликни шакллантириш нафақат таълим сифатини оширади, балки жамиятнинг экологик барқарор ривожланишига ҳам хизмат қилади.

Семинар-тренинг педагог кадрларнинг экологик билимларини кенгайтириш, уларнинг касбий компетентлигини ошириш ва замонавий экологик сиёсатнинг устувор йўналишлари билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистоннинг миллий ва халқаро ташаббуслари, давлат дастурларидаги устувор йўналишларнинг таълим тизими орқали амалга оширилаётгани экологик сиёсатнинг самарадорлигини юқорироқ поғонага кўтаради.

Демак, педагог кадрларнинг инновацион-экологик компетентлигини ривожлантириш мамлакатимизнинг келажакдаги экологик хавфсизлиги ва барқарор тараққиётининг кафолатидир.