Хитой Халқ Республикасининг Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги университети, Ипак йўли буғдой инновациялари альянси ва Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида халқаро илмий анжуман ўтказилмоқда.

    Хитойнинг қатор нуфузли олий таълим муассасалари ва илмий марказларидан 25 нафарга яқин буғдойшунос тадқиқотчи олимлар, профессор-ўқитувчилар ва соҳа мутахассислари иштирок этаётган анжуман дастуридан Хитой Фанлар академияси, Дингши қишлоқ хўжалиги фанлари академияси, Хэнан технологиялар университети, Ниншия университети ҳамда Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги университети олимлари буғдой бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар ва бу йўналишда эришилган сўнгги натижаларга бағишланган  маърузалар ўрин олган.

    Анжуман ишида Россия Фанлар академияси Сибир бўлими Ўсимликлар генетикаси ва селекцияси институти ҳамда Покистоннинг Қурғоқчил минтақa қишлоқ хўжалиги университети олимлари ҳам қатнашмоқда. Мазкур илмий-амалий анжуманда иқлим ўзгаришлари ва қурғоқчиликка чидамли янги буғдой навларини яратишда ген муҳандислиги усулларидан фойдаланиш, буғдой ҳосилдорлигини ошириш, унинг касаллик ва зараркунандаларга қарши курашнинг уйғунлашган усулларини ишлаб чиқиш бўйича Хитой, Россия ва Марказий Осиё мамлакатларида олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари етакчи олимлар томонидан муҳокама қилинмоқда. Асосий мақсад Ипак йўли мамлакатларида буғдой бўйича илмий тадқиқотлар савиясини ошириш ва ўзаро тажрибалар алмашиш орқали минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашдан иборат.

    Анжуман очилиш маросимида Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ва Хитой Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги университети  профессори Фанг Юлин томонидан Самарқанд давлат университетида “Хитой–Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги маркази”ни ташкил этиш бўйича шартнома имзоланди. Шунингдек, тадбир давомида ушбу марказнинг рамзий очилиш маросими ҳам ўтказилди. Ушбу ташаббус илмий асосланган тавсиялар ва соҳа ютуқларидан фойдаланиб, икки мамлакатнинг ўхшаш экологик ҳудудларида буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш ва минтақавий озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

    Мазкур марказда Ўзбекистон шароитида тупроқ шўрланиши, қурғоқчилик ва иқлим ўзгаришларига мос янги буғдой ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари навларини яратиш, бу борада илмий-тадқиқотларни кучайтириш, шунингдек, селекция ва уруғчилик соҳасида янги авлод мутахассисларини ҳамкорликда тайёрлаш мақсад қилинган.