Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов ҳамда Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори Тошпўлат Ражабов Хитой Қишлоқ хўжалиги механизацияси фанлар академиясига амалий ташриф буюрди.
    Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — Самарқанд давлат университетида ушбу академия олимлари томонидан ишлаб чиқилган замонавий, ақлли қишлоқ хўжалиги машиналари ва ускуналари асосида технопарк ташкил этиш ва уни жиҳозлаш босқичларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
    Ташриф давомида меҳмонлар Хитой Қишлоқ хўжалиги механизацияси фанлар академиясининг лабораториялари ва технопарклари фаолияти билан танишдилар. Жумладан, рақамли технологиялар асосида яратилган уруғ ва кўчатларни экиш, уларни парваришлаш ҳамда ҳосилни йиғиштириб олишга мўлжалланган замонавий машина ва агрегатлар тақдим этилди.
    Олиб борилган музокаралар натижасида Самарқанд давлат университетида автоматлаштирилган, сўнгги авлод қишлоқ хўжалиги техникалари билан жиҳозланган технопарк ташкил этишга келишиб олинди.