ВИЛОЯТ ҲОКИМИ УНИВЕРСИТЕТГА КЕЛДИ

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев бугун Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди. У Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ҳамроҳлигида университетнинг янги қурилган ўқув биносини бориб кўрди. Замонавий ва шарқона меъморчилик анъаналари асосида бунёд қилинган бинонинг ўзига хослигини, ўқув жараёнлари учун қулайлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, вилоят ҳокими интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетида ҳам бўлди.
Ташриф давомида Адиз Бобоев университетга таклиф қилинган Самарқанддаги олий ўқув юртларининг ректорлари билан учрашди. Мулоқот асносида янги ўқув йилига тайёргарлик, қабул натижалари, таълим сифатини янада ошириш, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, талабалар турар-жойларига эътиборли бўлиш, фундаментал илмий тадқиқотларни жадаллаштириш хусусида сўз борди. Олий ўқув юртларининг ректорлари ҳам муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўз мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар. Адиз Бобоев барчага янги ўқув йилида муваффақият тилади.