Жанубий Кореяда қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлланилаётган ақлли технологияларни ўрганиш мақсадида Ҳанкёнг Миллий Университетига ташриф буюрган самарқандлик талабалар ва ёш олимлар гуруҳига раҳбарлик қилаётган Самарқанд давлат университети Агробиётехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори Тошпўлат Ражабов қуйидагиларни сўзлаб берди:

    - Иқлим ўзгариши, ресурслар камайиши ва аҳоли сонининг ортиши натижасида бутун дунё деҳқончилик тизими жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Шу сабабли янги, самарали ва тежамкор технологиялардан фойдаланиш тобора долзарб масалага айланмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасида барпо этилаётган ақлли иссиқхоналар ана шундай илғор технологияларнинг яққол намунаси бўла олади. Ақлли иссиқхона рақамли технологиялар асосида ресурс ва меҳнат сарфини камайтирган ҳолда сифатли маҳсулот етиштириш имконини беради ҳамда табиий ва режалаштирилмаган йўқотишларнинг олдини олишга хизмат қилади. Содда қилиб айтганда, турли табиий омиллар ўсимликларнинг ривожи ва ҳосилдорлигига деярли салбий таъсир кўрсатмайди.

    Ақлли иссиқхоналар анъанавий қурилмаларга нисбатан бир қанча устунликларга эга. Бундай иссиқхоналарда ўсимликлар ривожи учун ниҳоятда қулай муҳит яратилади. Замонавий рақамли ускуналар ва алоқа тизимлари экинлар ҳолати ва иссиқхона иқлимини узлуксиз кузатиб боради. Йиғилган маълумотлар ахборот технологиялари платформасига узатилади, у ерда эса махсус алгоритмлар ёрдамида таҳлил қилинади. Шу асосда суғориш, ўғитлаш, ёритиш жараёнлари бошқарилади ва агротехник тадбирлар заруратга мувофиқлаштирилади. Узлуксиз кузатув ва таҳлил экинларда касаллик ва инфекция хавфини ўз вақтида аниқлаб, бартараф этиш имконини беради. Ақлли иссиқхоналар фермерлар меҳнатини енгиллаштириш, ресурсларни тежаш, ҳосилдорлик ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.

    Иқлим ўзгариши оқибатларини ўз бошидан кечираётган Жанубий Корея бугунги кунда қишлоқ хўжалигида илм-фанга асосланган илғор, хусусан рақамли технологияларни қўллаш борасида дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айланган. Молекуляр биология, муҳандислик ва сунъий интеллект технологияларини бирлаштириш соҳасида катта муваффақиятларга эришилган. Бу борада кадрлар тайёрлаш тизими ҳам мукаммал тарзда йўлга қўйилган десак, муболаға бўлмайди.

    Самарқанд давлат университети ҳамда Жанубий Кореянинг Ҳанкёнг Миллий университети ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мазкур халқаро лойиҳа замонавий технологияларни чуқур эгаллаган мутахассислар тайёрлаш ҳамда Ўзбекистоннинг аграр соҳасига янги технологияларни жорий этиш мақсадини кўзлайди.

    Бу йўналишдаги дастлабки қадам сифатида Самарқанд давлат университетининг талабалар, ёш олимлар ва профессор-ўқитувчилардан иборат тадқиқот гуруҳи қишлоқ хўжалиги ҳамда мева-сабзавотчилик соҳасидаги ақлли технологиялар бўйича замонавий билимларни эгаллаш мақсадида Жанубий Кореяда бўлиб турибмиз.

    Сафар давомида биз Ҳанкёнг Миллий университетининг қатор лабораториялари, илмий марказлари ва замонавий иссиқхоналарида бўламиз, ўқув жараёнлари ҳамда илмий-тадқиқот ишлари билан яқиндан танишамиз. Жумладан, боғдорчилик биотехнологияси лабораторияси, “Ҳансалим” қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таҳлили маркази, агрокимё ва тупроқшунослик лабораториялари ҳамда университет дала-тажриба майдонларига ташриф буюриб, олиб борилаётган тадқиқотларни чуқур ўрганамиз. Қизғин муҳокамалар орқали билимларимизни мустаҳкамлаб борамиз.

    Талабалар ушбу соҳани чуқур ўрганиш ва келажакда юқори малакали мутахассис бўлиш йўлида қатъий ният ва ҳаракатдалар. Мазкур 7 йиллик халқаро лойиҳа доирасида ҳар йили 10 нафар талаба қисқа муддатли ўқув курсларида қатнашиш учун Кореяга боради ва кейинчалик магистратура ҳамда докторантура босқичларини ҳам Ҳанкёнг Миллий университетида давом эттиради...

    Самарқанд давлат университети олимлари нафақат Жанубий Корея, балки Италия, Венгрия, Хитой ва Япония каби ривожланган мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан аграр соҳадаги ақлли технологиялар йўналишида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

    Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд давлат университетида халқаро стандартлар ва илғор тажрибалар асосида замонавий аграр таълим тизимига асос солиш ва шу орқали мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига янги авлод агромутахассисларни тайёрлаш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.