ИЛМИЙ ҲАМКОРЛИКДА АМАЛИЙ ҚАДАМЛАР

Самарқанд давлат университети профессори Асқар Ҳасанов раҳбарлигидаги олимлар ва талабалар делегацияси Хитойнинг Хунан миллий университетига ташриф буюрди. Самарқандликларни Хунан миллий университетининг фуқаро қурилиши департаменти бошлиғи, профессор Хан Лин Ван кутиб олди. Унинг ҳамроҳлигида университет билан дастлабки танишув сафарига чиқилди.
Хунан университети — энг қадимий илм даргоҳларидан бири бўлиб, унга 976-йилда асос солинган. Ҳозирда Хунан университети дунёнинг энг яхши 100 университети рўйхатидан ўрин олган. Турли мамлакатлардаги 160 дан ортиқ илмий муассасалар билан халқаро ҳамкорлик ўрнатилган. Университет таркибида 31 та коллеж ва мактаб фаолият юритади. Бу ерда 39 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади.
Шундан сўнг музокараларнинг амалий босқичига ўтилди. Унда қўшма грантлар, уларнинг мақсади, қўйилган вазифаларни бажариш ҳамда ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ҳамкорликнинг бошқа йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сафар доирасида самарқандлик олимлар ва талабалар делегацияси амалга ошириладиган ишлар, кутиллаётган натижалар ва истиқболли режалар бўйича тақдимот ўтказдилар. Кўргазмали тақдимот тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Мақсадларнинг муштараклиги туфайли ҳамкорлик самарали бўлиши таъкидланди. 19-июль куни коллежда илмий семинар ташкил қилинди ва унда профессор Асқар Ҳасанов 2 та долзарб илмий мавзу бўйича чиқиш қилди.
Музокаралардан сўнг Хунан университетининг лабораториялари ва фуқаро қурилиши объектлари билан амалий танишув ташкил этилди. Мавжуд замонавий лабораториялар, уларнинг жиҳозлари ҳамда таълим жараёнининг ўзига хос жиҳатлари ўрганилди. Лаборатория ва дала тадқиқотларини амалга ошириш усуллари ҳамда техник омиллар юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу сафар доирасида Самарқанд давлат университети ва Хунан миллий университети ўртасидаги қўшма илмий тадқиқотлар ҳамкорлигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда лойиҳа иштирокчиларининг ҳар бири учун вазифалар ва масъулиятлар, иш йўналишлари ҳамда кўлами аниқ белгилаб олинди.